Бугун коррупциянинг олдини олмасак, эртага кеч бўлади

16.04.2021 18:04:16

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январь кунида қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Мазкур ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги, шунингдек, мамлакатимизда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3898-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 16 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг “Маънавият ва маърифат” марказида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппарати билан ҳамкорликда Академия курсантлари ўртасида “Ёрқин келажагимиз учун коррупцияга қаршимиз!” мавзусида ўтказилган иншолар танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда “Бугун коррупцияни олдини олмасак - эртага кеч бўлади!” мавзусидаги маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси Акмал Жонқобилов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи Фазлитдин Зияев, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия подполковниги Шерзод Ҳайитов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги масъул ходимлари Обиджон Латипов ва Акмал Юнусовлар ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан мақсад – давлат органлари ва ташкилотларнинг масъул ходимлари томонидан ишга қабул қилинганидан сўнг ҳамда муайян вақт ўтганидан сўнг, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, ёшларда коррупцияга қарши курашиш фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга ёшларни кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида республика миқёсида танловлар ва мусобақалар ўтказишга қаратилган масалаларни  муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирни Академия бошлиғининг ўринбосари полковник Абдуазим Ахмадходжаев кириш сўзи билан очиб, Аввало, коррупция  жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат эканлиги, мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиши, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши хусусида таъкидлаб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт” дея билдирган ибораларини алоҳида эътироф этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келади. Коррупция – бу мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахслар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндиси эканлиги, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлиги борасидаги кенг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир давомида таклиф этилган меҳмонлар иштирокиларга мавзуга доир видеолавҳалар намойиши ҳавола этилди ҳамда коррупция ҳолатларининг юзага келишига имконият яратадиган ҳозирги кундаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида фикр-мулоҳазалар алмашдилар.

Тадбир якунида Академия курсантлари ўртасида “Ёрқин келажагимиз учун коррупцияга қаршимиз!” мавзусида ўтказилган иншолар танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Академия катта
ўқитувчиси, капитан.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+