Янгиликлар 1930
Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас
Муҳтарам Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича туманимиз фаоллари билан биргаликда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилсак, барчамизга яхши аёнки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида одамларни ҳаётдан рози қилиш ғояси мужассамдир. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” , деган эзгу мақсад ҳам ана шу ғояни ҳаётга тадбиқ этаётир.
Уйма-уй юриш, одамларнинг дард-у ташвишларини эшитиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг бош мазмунига айланганлиги ҳам ана шу инсонпарвар сиёсатнинг натижасидир. Тан олиб айтишимиз керакки, муаммоларни бирданига ҳал қилишнинг ҳам имкони йўқ. Бироқ, бугун ушбу муаммолар билан тизимли ва манзилли ишлашнинг механизми яратилди, бу бизнинг кундалик фаолиятимизга айланди. Халқимиз билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш бизнинг ҳам ўз иш услубимизни белгилаб олишда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди”.
Бугунги очиқлик шароити фуқароларимизнинг ҳам ижтимоий фаоллигини оширмоқда. Агар бундан бир неча йиллар олдин улар дардини кимга айтишни билмай, турли идоралар олдида навбат кутиб, иши битмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзи билан ўзи овора ҳолатда қолиб кетган бўлса, бугун фуқаролар очиқдан-очиқ ўз муаммоларини баён этиш имконига эга бўлмоқдалар. Бу борада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар улар учун “Мурожаат минбари” бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, мавжуд муаммоларни ёритишда журналист ва блогерларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Мен ҳар сафар Юртбошимизнинг “Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамларимиз ҳам кечаги одамлар эмас” деган гапларини эслаганимда, ундаги чуқур ҳаётий фалсафани ҳис қиламан. Шу фалсафа бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга, муаммолар ечимини топишнинг самарали йўлларини топишга ундайди. Бунинг пировад натижаси эса - одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишдир.
Саодат МАШАРИПОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Боғот туман Кенгаши иш юритувчиси
Фикрингизни қолдиринг