Янгиликлар 1012
Булоқбошилик сафдошларимиз хорижга юзланмоқда
“Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши фаоллари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни шу мақсадда Булоқбоши туманида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди. Тумандаги биргина “Қўҳна булоқ” масъулияти чекланган жамиятида якунланаётган йилда 30 та янги иш ўрни яратилгани ва мазкур корхонада 15 нафар “адолатчи” хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани эътиборли.
Корхона раҳбари Бобуржон Режабов изланувчан тадбиркорлардан. У ўз фаолиятини 2016-йилда атиги 10 нафар чевар хотин-қизлар билан бошлаган. Бозор талабига мослашиш ва сифат иш бошидан унинг талабига айланди. Шу сабаб улар тайёрлаган маҳсулотлар жуда тез бозорда ўз ўрнини топди.
Буюртмалар сонининг ошиши қўшимча ишчи кучини талаб қилди. Тадбиркор ўз маблағи ҳисобига кичик фабрика қуриб, замонавий тикув машиналари сотиб олди. Ўз ўрнида кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Корхонада “Устоз-шогирд” мактаби ташкил этилди. Хотин-қизлар касбга ўқитилиб, малакали чеварларга шогирд сифатида бириктирилди. Натижада бугунги кунга келиб ишловчилар сони 100 нафардан ортди.
-Ишга келганимга уч йил бўлди,-дейди касб устаси, партиядошимиз Замира Сотволдиева,-Сира афсусланмайман. Маошимиз кўнгилдагидек, ишлаш учун барча шароитлар яратилган. Маҳалламизда тадбиркор томонидан бундай корхонанинг ташкил этилиши қанча оилаларга қувонч олиб кирди.
Ўз жамоаси билан 80 дан ортиқ турдаги трикотаж буюмлари ишлаб чиқараётган тадбиркор доим янги лойиҳалар устида ишлайди. Муҳими, булоқбошилик чеварлар тиккан тайёр буюмлар тўла экспорт қилинмоқда. Россия давлатидаги “Родник” савдо уйи доимий буюртмачи. Ана шу жойдан маҳсулотлари дунё бозорига чиқиб, ўз харидорини топяпти. Узоққа бормайлик, ўтган ойда 136 минг АҚШ долларилик маҳсулот хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди.
-Тан олиш керак, бугун барча тадбиркорлик субъектлари ҳам юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари ярата олмаяпти,-дейди корхона раҳбари Б.Режапов.- Хусусий корхонада ишлаш деганда баъзиларнинг кўз олдида чет элга товар экспорт қилувчи нуфузли фирмада юқори маош олиб ишлаш тушунилса, баъзиларда доимий бўлмаган иш, мукофот пули ва бошқа имтиёзлар қўлланилмайдиган иш ҳақи гавдаланади. Яна кўпчилик мавсумга қараб ёки маҳсулот сотуви ҳажми камайганда иш бермайдиган субъектни тушунади. Бизда бутунлай бошқача. Доимий иш ва маош муқаррар.
Албатта, ишида унум бўлишини истаган тадбиркорлик субъекти малакали ходимга шунга яраша ҳақ беради. Мазкур корхона ишчи-ходимларнинг моддий манфаатдорлиги йилдан-йилга ошиб бораётгани, чеварлар меҳнатига қараб 2.5 миллион сўмгача маош олаётгани бунга мисол.
Ривожланиш йўлидан бораётган “Қўҳна булоқ” МЧЖ хақида ҳозирча билганларимиз шулар. Келгусида унинг ўз фаолиятини янада кенгайтириб, иқтисодий жихатдан юксалишига ишонамиз. Бу йўлда “адолатчилар” олдинги сафда бораётгани қувонарли. Улар ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорига юзланяпти.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон.
Фикрингизни қолдиринг