Янгиликлар 414
Бундай натижалар, илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган
Мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлар учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтириш, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича янада қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш бўйича қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва такомиллаштиришга қаратилган кўплаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Умуман, мамлакатимизда тадбиркорлик йўналиши том маънода янги бир босқичга кўтарилди.
Ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб бўшлиқларни бартараф этиш, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш мақсадида яқинда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Тадбиркорлик кодекси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Кейинги йилларда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ўтказиб келинаётган Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти яхши анъанага айланди. Ва бу ўз навбатида, тадбиркорларга ўз муаммо ва таклифлари билан бевосита тўғридан-тўғри давлат раҳбарига мурожаат қилиш ҳамда юзма-юз мулоқот қилиш имконини бераётир.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бу йилги очиқ мулоқоти ҳам ўзгача шукуҳ, кўтаринки руҳ ва юқори савияда бўлиб ўтди. Учрашувда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган кўплаб таклифлар илгари сурилди.
Бугунги кунда бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилгани, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилгани, энг муҳими, маҳалладаги кичик лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани таъкидлаб ўтилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси эса 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди, айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди.
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Тўғриси, бундай натижалар, илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.
Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш, бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш, ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, хизматлар соҳасига янги туртки бериш, бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бу йилги очиқ мулоқотнинг айнан Қорақалпоғистонда ўтказилгани бежиз эмас, албатта. Боиси бу ерда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар берилган, Қорақалпоғистонда ер ажратишни содда тизими жорий этилган. Энг асосийси, ушбу ҳудуд катта бозорларга чиқиш учун ҳам жуда қулай.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ва унда илгари сурилган ташаббуслар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Зотан, юртимизда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, улар янада кўпроқ даромад кўрса, давлатимиз ҳам шунча бой бўлади.
Иномжон ҚУДРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг