Бунданда оғир кунларни ҳам сабр билан енгган халқмиз

04.04.2020 10:04:11

Ўзбек халқи тарих саҳнасида кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Халқимиз ўтмишда яхши кунлар билан бирга синовлар, қаҳатчилик даврларини ҳам кўрган. Қайси давр, қайси муҳит бўлишига қарамасдан миллатимиз ўз қадрини, ғурурини  хамма нарсадан устун сақлаб қолган.

Яқинда бир ривоят ўқидим. Қадим замонда қурғоқчилик туфайли буғдой ҳосили нобуд бўлибди ва очарчилик бошланибди. Ундан эсон-омон ўтиш учун ҳамма қабила вакиллари биргалашиб подшоҳ олдига ёрдам сўраб борадиган бўлишибди. Навбатда турганлар орасида бир киши барчага салом бериб, хушмуомалик билан келинг, келинг, дея ҳаммани ўтказиб юбораверибди. Ва энг оҳирида подшоҳга юзланган экан, подшоҳ унга қарата, “Боядан бери кузатиб турибман, ҳаммани ўтказиб юбординг. Мен ҳам хазинамдаги бор буғдойни тарқатиб бўлдим, сенга қолмади-ку. Одамларни ўтказвормаганингда эди, сен олардинг, энди афсусдамисан? – дебди.

Шунда подшоҳ ҳузирадги одам, “Эй подшоҳим, биринчи бўлиб келаманми, ўнинчи бўлиб келаманми, Худо менга берган ризқдан ортиғини ҳам, камини ҳам ололмайман,-дебди. Подшоҳ бу жавобдан лол қолибди ва ўз оиласи ва сарой учун олиб қўйган буғдой заҳирасининг ярмини бериб юборган экан. Албатта, бу олис ўтмишдаги ривоят. Бундай воқеаларни яқин ўтмишимиздан ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин. Биргина иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзлари тўйиб овқатланмаётган бўлишига қармасдан уруш ўчоқларидан келтирилган 2 миллионга яқин ёш-у қари инсонларни ўз бағирларига олиб, уй-жой ва таом ажратган ҳам ўзбек халқи ҳисобланади.  

Бугун ана ўша катта синовларни мардонавор енгган халқимиз бошига кичик синов тушди. Ушбу кунларда ягона талаб бирдамликни, хотиржамликни бир-бирига ҳурматни сақлаш холос. Сиз-у биздан бошқа ҳеч нарса сўралмайди. Шундай бўлса, ҳам картошкага бўлган тартибсиз навбат, супермаркетлардаги “кўтарганингча олиб қол” қабилидаги ноўрин ҳаракатлар қалбмизни ҳира қилади. Ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар чиқиб озиқ-овқат заҳиралари керагидан ортиқ дея қайта-қайта таъкидлашларига қарамай кўпроқ маҳсулот ғамлаш асосий дардимиз бўлиб қолди.

Бир неча ойгина давом этувчи ушбу синовли кунларда аслида кимнинг авлоди эканлигимизни, азалий қадриятларимизни унутмайлик. Бугун дунёда пандемия ҳукм сураётган вақтда бирлашиб, бир-биримизга далда бўлиб, қийналган инсонларни қўллаб-қувватлашни кўпайтиришимиз лозим, деб ўйлайман. Зеро, вирусни, ушбу синовни уйимизга қоплаб йиққан картошкаларимиз ёки литрлаб тўплаган ёғларимиз эмас, бир-биримизга бўлган яхшиликларимиз енгади.

Махфират ХУШВАКТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+