Буюк даҳоларни ёд этиб ...

12.02.2022 12:02:21

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда "Oʼztemiryoʼlmashtaʼmir" UK ҳамкорлигида Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ва З.М.Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан «Буюк даҳоларни ёд этиб» деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда депутатлар, партия вакиллари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчилари, "Oʼztemiryoʼlmashtaʼmir" унитар корхонаси раҳбарияти ҳамда ходимлари, ёзувчи, шоирлар иштирок этди.

Тадбирда буюк боболар хотирасига айтилган дил сўзлар, Навоий ва Бобур ҳаёт ва ижод йўли ҳақида устозларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Хусусан, Алишер Навоий ўзбек адабиёти ва маданияти тарихидаги улуғ сиймо эканлиги, замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлагани, Алишер Навоий икки тильда мукаммал ижод қилгани, туркий тильда «Навоий», форсий тильда эса «Фоний» тахаллусларини қўллагани баён этилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърий мероси ҳам кўпқиррали ва бой эканлигига урғу берилди.

Мубора Омонова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети катта ўқитувчиси:

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган. Навоий мероси мавзу ва жанрлари бўйича турлидир. Унинг асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келмоқда. Асрлар давомида унинг асарлари тақлид ва илҳом манбаи бўлиб ҳисобланиб келган.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+