Янгиликлар 2418
Буюк давлатга дахлдорлик фахр-ифтихор уйғотади
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги тантаналарига ҳам саноқли кунлар қолди. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқлол байрамини “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Афсуски, жорий улуғ айём коронавирусга қарши кураш кетаётган мураккаб бир пайтга тўғри келмоқда. Мозийга боқиб, ўтмиши ва келажаги буюк юрт қанчадан-қанча оғир синовларни мардонавор енгиб ўтгани, ҳамжиҳатликда музаффар тонгларни қарши олганини англаймиз. Бугун ҳам халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, ўз олдига инсонийлик, бағрикенглик, саховат ҳамда олижаноблик каби эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, ҳуррият байрамининг 29 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёр турибди.
Пандемия бизни янгича яшашга, мавжуд вазиятга мослашиб, фаолиятимизни давом эттиришга ўргатмоқда. Шу маънода, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида авваллари ҳар бир вилоятда ўтказиладиган тадбирлар, учрашувлар, танловлар бугун карантин талабларига кўра онлайн шаклга ўтди. Аммо шакл ўзгаргани билан мазмунга, моҳиятга асло путур етгани йўқ. Мақсад ўша — меҳнаткаш ва фидойи халқимиз кўнглида қутлуғ байрамимиз — мустақиллик шодиёнаси кайфиятини уйғотиш, уларга байрамона кўтаринкилик бағишлаш ҳамда энг улуғ неъмат — ҳурриятнинг нечоғлик азиз ва мукаррам эканлигини яна бир бор ёдга солишдир.
Мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар юртдошларимизнинг турмушини яхшилаш, дунёқарашини юксалтириш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш, янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини оширишга хизмат қилаётганини, пандемия шароитида ҳам бу ўзгаришлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда пандемия билан боғлиқ юзага келган мураккаб синовларни муносиб енгиб ўтишда мустақиллигимизнинг сафарбар этувчи ва бунёдкор қудрати илҳомбахш манба сифатида барчамизга куч-ғайрат, эртанги кунга беқиёс ишонч бахш этаётгани алоҳида эътироф этиш мумкин.
Айтиш жоизки, Мустақиллик ўзбек халқи ҳаётида тамоман янги даврни бошлаб берди. Миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик қарор топди, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик кафолатланди. Энг муҳими, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли ўзгаришлар амалга ошириляпти.
Янги Ўзбекистонда халқ манфаати, юрт тараққиёти йўлида олиб борилаётган ўзгаришлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, соҳаларни либераллаштириш, ишлаб чиқаришни модеринизация қилиш борасидаги ислоҳотлар бугуннинг энг муҳим масалалари қилиб белгиланган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Шу хусусда таъкидлаш керакки, фуқароларнинг яшаш шароитлари ва ижтимоий аҳволини яхшилаш, кабағалликни қисқартириш бўйича белгиланган чоралар юртимиз аҳолиси фаровонлигига хизмат қилмоқда. Воҳамиз мисолида кўрадиган бўлсак, Сурхондарё вилоятида охирги уч йил давомида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларида кўриб, қалбан ҳис этиш мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, бизнинг мана шундай буюк давлатга, буюк тарихга, буюк келажакка дахлдорлигимиз дилимизни фахр-ифтихор, шон-шарафга тўлдирса, унга мансуб бўлиш шарти ҳам борки, бу мустақил Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди олдида турган улкан ва шарафли масъулиятдир.
Барчамизга мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин!
Рустам ҲАМРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг