Янгиликлар 2360
Буюк қалб эгалари
Юртимизда мустақиллигимизнинг ҳар бир йилида 1 – октябрь Устоз ва мураббийлар куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Аслида, орзуси фақатгина ўқувчиларининг камолини кўриш бўлган азиз ва қадрли ўқитувчиларимизни ҳар куни ардоқласак арзийди. Зеро, халқимиз маънавиятида қадим замонлардан буён устозга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром нафақат сақланиб қолган, балки бугунги кунда ҳам яшамоқда. Устоз деганда ҳар қайси инсон кўнглида буюк меҳру муҳаббат ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси туғилади.
Дарҳақиқат, биз эришган ҳар бир ютуқда устозларимизнинг ҳиссалари чексиз. Шунинг учун ҳам устозлар ҳамиша энг юксак мукофотларга лойиқдирлар.
Ҳар бир ўқувчига ҳарф ўргатиб, саводини чиқариш энг яхши таълим десак, муболаға бўлмайди. Чунки биз бутун ҳаётимиз давомида шу устозларимиз ўргатган ҳарфлардан фойдаланиб ўқиймиз, ёзамиз ва илмимизни оширишда давом этамиз. Буни ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳикматидек умр бўйи ўзимизга, онгимизга сингдириб, ёдлаб борамиз:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Донишмандлар тили билан айтганда: “Ўқишни билсангиз, ҳар бир инсон бир китобдир”. Мана шу китобнинг қулфига калит топиб, илк ҳарфларни ўргатувчи зотлар, албатта, устозлардир. Устоз ўз касбига қалб қўри билан киришмаса, мураббийлик йўлида ҳеч қандай ютуқларга эриша олмайди. Ахир, ўқишни, ёзишни билмайдиган мурғаккина болага бир ҳарфни ўргатиш осон бўлмайди. Энг муҳими, умрини шу соҳага бағишлаган ўқитувчилар ҳамма жойда бир хил – оддий ва камтар.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ўқувчилик йиллари биз учун жон куйдирган, ўқиб олим, яхши одам бўлсин дегувчи устозларнинг ҳамиша ҳам қадрига етавермаймиз. Аммо ҳаётнинг катта йўлида уларни кўпроқ соғинади киши. Мактабга йўқлаб борсангиз, устоз яна кўзлари жавдираб турган, эндигина мактабга қадам қўйган болажонлар билан машғул эканини кўрасиз. У касбидан зерикмайди. Аксинча, йиллар ўтгани сайин кўнгли ҳам боладек беғубор бўлиб бораверади.
Эртанги куннинг қандай бўлиши мактаб, билим юртларидаги таълим-тарбияга боғлиқ. Чунки фарзандларимизнинг онг ва тафаккури шу даргоҳларда шаклланади. Шу маънода устозни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим ислоҳотларининг узвий қисми бўлган ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган ибратли ишлар жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари томонидан юксак баҳоланиб, мустақиллик йилларида тўпланган бой ва илғор маърифий тажриба сифатида ўрганилаётир.
Ўқитувчиларнинг касб байрами арафасида ёшларимизни Ватанга муҳаббат, садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаётган, устозлик касбида ҳалол ва самарали иш олиб бораётган илғор педагоглар мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишлари анъанага айланган.
Ўқитувчи ва мураббий. Неча-неча авлодларга, сулолаларга илму ирфон нурини сочган буюк қалб эгалари – улар. Дунё бешигини тебратувчи зот ҳам шулардир. Эзгулик уруғини сочиш уларнинг матлаби ва вазифасидир. Мактаб эзгулик қасри, ўқитувчи унинг султонидир. Ўқитувчиликдан-да нозик, оғир ва шарафли касб бормикан дунёда?! Ҳар бир бола қалбига қулоқ тутиб яшайди у. Зеро, мактаб ва ўқитувчи халқ, давлат турмуши ва тақдирини белгилашда бағоят улкан кучдир.
Устозлик мақоми – олий саодат. Камолат йўлида бизга сабоқ, ҳаётда ўз йўлимизни топишимизда бизга кўмак муҳтарам устоз ва мураббийларимиз олдида бир умр қарздормиз. Шарафли ва масъулиятли касбида собитқадам бўлган азиз устозларимизга туганмас куч-қувват, меҳр-муҳаббат, илму билимлари янада зиёда бўлишлигини тилаб қоламиз.
Гулнора АҲМЕДОВА,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг