Янгиликлар 2608
Бюджетдан ташқари маблағ топиш йўллари
Нарпай туманида ўқитувчиларини бюджетдан ташқари маблағ топиш йўлларини ўрганишлари учун, шу билан бир қаторда ўқувчи ёшларни касбга йўналтириш мақсадида туманлараро тажриба алмашиш амалиёти йўлга қўйилди. Шу мақсадда тумандаги 64 – мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчиларини Каттақўрғон туманидаги 35-мактабга саёҳати ташкил қилинди.
Мактаб илм даргоҳи, шу билан бирга катта бир оиладир. Оилада фарзандлар таълим-тарбияси билан бирга, оила таъминотини таъминлаш оила бошлиғининг зиммасида. Худди шундай илм даргоҳининг ҳам чиройли, ҳам ораста бўлиши, ободонлаштириш ишлари, ўқувчиларнинг таълим-тарбияси мактаб раҳбарига боғлиқ. Бироқ, мактаб аталган катта оилани ҳам кунлик харажатлари бор.
Бу борада раҳбар қандай йўл тутиш керак, деб ўйлайсиз? Раҳбар адолатли бошқарувчи бўлиш билан бирга тадбиркор ҳам бўлиши керак. Ҳар бир майда муаммоларга ҳам давлат маблағ ажратмаяпти деб бировдан ёрдам кутмасдан, тадбиркорлик йўлларини ўйлаб топиши зарур.
Каттақўрғон туманидаги 35-умумтаълим мактаби 1966 йилда қурилиб ишга тушган бўлиб, 2016 йилда давлат дастури асосида 600 ўринга мўлжалланган янгидан қайта қурилган. Мактабда барча фанлардан тўгараклар: гулчилик, ҳайкалтарошлик, рассомчилик, тикувчилик, қўғирчоқ театри, карвинг санъати, мусиқа, сувинерлар ясаш ҳамда спортнинг каратэ, бадиий гимнастика, баскетбол, волейбол, шахмат, шашка, енгил атлетика турлари бўйича тўгараклари ташкил этилган.
Ҳайкалтарошлик тўгараги раҳбари Ғайратжон Жўраев, тикувчилик тўгараги раҳбари Замира Орипова, гулчилик тўгараги раҳбари Малика Мингбоевалар ишлаб чиқилган маҳсулотлардан сотишга чиқариб, мактабга бюджетдан ташқари маблағ топишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Мактабда учта иссиқхона ташкил этилган бўлиб, лимон, мандаринлар экилган. Учинчи иссиқхонага помидор, кўкатлар экилади, очиқ ер майдонига экинлар экиб фойдаланилади.
“Мактаб ер майдонига 60 туп ёнғоқ экилган бўлиб, ораларига томошақовоқлар экамиз ва ҳосилини йиғиб олиб, юзига ишлов бериб, расмлар чизиб, сотувга чиқарамиз. Ҳозирда бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан бошланғич синф хоналарига 8 та телевизор, 23 та ўқув синф хоналарига овозли кузатув камералари қўйилган. Сувинерлар ишлаб чиқариб зиёратгоҳларга сотилади. Мактабдаги тадбиркорлик ишларимиздан тушган маблағни мактаб махсус ҳисоб рақамига қўямиз.” - дейди 35 - мактаб директори Нигора Қаюмова.
Нигора Қаюмова бошчилигидаги катта аҳил жамоага келгусидаги режаларини амалга оширишда куч-ғайрат тилаб йўлга чиқдик. Бугунги тажриба алмашинув саёҳати барча иштирокчилар учун қизиқарли ва фойдали маълумотларга бой бўлди. Ўйлайманки, бундай туманлараро тажриба алмашишлар замирида келгусида улкан ишларга қўл уриш мумкин.
Насиба РАҲМОНОВА,
Нарпай туманидаги 64-умумтаълим мактаби директор ўринбосари,
Халқ депутатлари Нарпай туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг