Чирчиқ инновацион ва инвестицион шаҳарга айланади

26.03.2021 16:03:01

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади, – дея алоҳида урғу берди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз томонидан Чирчиқ шаҳрини замонавий инновациялар ва инвестициялар шаҳрига айлантириш, шу намуна асосида Тошкент вилоятининг бошқа шаҳарларини ҳам комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига эътибор қаратилди. Вилоятдаги 1 минг 48 та маҳалла билан манзилли ишлаб, «ўсиш нуқталари»ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи биз, ёшларни ҳар доимгидек огоҳ, ҳар бир масалада энг аввало Ватан манфаатларини ўйлаб иш тутишимиз лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис қилишимизда, теран англашимизда кучли туртки бўлди. Жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги куни, фаровон ҳаёти ва порлоқ келажаги учун барчамиз, шу жумладан, биз, ёшлар ҳам дахлдормиз. Бу дахлдорлик ҳиссини барчамиз юракдан ҳис қилиб, Ватан олдидаги бурчимизни, фаол фуқаролик позициямизни мустаҳкамлашимиз лозим. Шундагина Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада ортади.

Биз, партия ёш фаоллари Тошкент вилояти ривожига, Чирчиқ шаҳрининг равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни изчил адо этишга ваъда берамиз.

 

Ҳабибулла ТУРСУНОВ,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+