Янгиликлар 1962
Чуқур ўрганиш, кенг кўламли таҳлилларни талаб этадиган жараён
Сўнги йиллар барча соҳалар қатори мамлакат ташқи сиёсати ҳам янги йўналишда ривожлана бошлади. Бунда очиқлик ва тенглик принципи энг устувор ғоя сифатида қаралди. Айниқса, яқин қўшничилик муносабатларига путур етган ён-атрофимиздаги мамлакатлар билан ўзаро манфаат ва қардошлик анъаналари асосида ҳамкорликнинг янги даврига қадам қўйилди. Узоқ йиллар низоларга сабаб бўлган чегара, сув манбалари, энергетика муаммолари бартараф этилди. Айнан Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё минтақаси бир мақсад йўлида яна бирлашди.
Бундан ташқари Жаҳон банки, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти сингари йирик молиявий ташкилотлар билан тўхтаб қолган алоқалар қайта тикланди. Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минбарларидан туриб илгари сурилган қатор ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди ва аксарияти бугун ўз ижросини топмоқда. 2019 йилдан мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг тўлақонли аъзосига айланди. Умуман, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз биз билан ҳамкорлик қилишни исталган давлат ва тузилмалар учун очиқлигини маълум қилди ва алоқалар тенг ва ўзаро манфаат асосига қурилган бўлиши лозимлигини бот-бот такрорлаб келмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда алоҳида олинган, ҳар томондан иҳоталанган давлатнинг замон талабларига мос ва хос тараққий этишини тасавур ҳам этиб бўлмайди. Тараққиёт – бирликда, ҳамкорликда. Айнан жипслашиш, бир-бирини қўллаш-қувватлаш орқали давлатлараро бунёд бўлган айрим тузилмалар иқтисодий муваффақиятларга эришмоқдалар.
Шу сабабли муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий итттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи чуқур ўрганилаётганлигини, бу масалага, энг аввало, халқимиз манфаатидан келиб чиқиб ёндашишимиз зарурлигини таъкидларкан, парламент палаталарида мазкур масала атрофлича муҳокама қилиниши зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтганди.
Ўтган вақт давомида олимлар, экспертлар, фаоллар, журналистлар, блогерлар томонидан ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласида кўплаб тахлиллар ва фикр-мулоҳазалар айтилди.
Мазкур масала Ҳукумат томонидан ҳам иқтисодиёт соҳалари кесимида атрофлича ўрганилди ва Қонунчилик палатасига тегишли таҳлилий материаллар киритилди.
Мазкур масалани атрофлича ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарида ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Бундан ташқари Қонунчилик палатсидаги “Адолат” СДП фракцияси қошида ҳам ишчи гуруҳ тузилди. Фракция йиғилишларида ишчи гуруҳ ўзининг дастлабки фикрларини тақдим этди. Мазкур хулосалар асосида шакллантирилган партия позицияси аҳолини хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Шу билан бирга депутатлар, фаолларимиз ўз муносабатлари билан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишди.
Унда масаланинг ижобий жиҳатлари билан бирга салбий жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтилмоқда. Холислик ва таҳлилларга асосланган муносабатларда энг аввало халқимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фикрлар билдирилмоқда. Аҳамиятлиси, мазкур чиқишлар аҳолимизни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Бу муносабатлар, мақолалар аҳоли, фаоллар, экспертлар томонидан атрофлича муҳокама қилинмоқда. Айрим фикрларимиз қўллаб-қувватланмоқда айримлари эса рад этилмоқда. Хозирги кунда ушбу фикр ва мулоҳазаларни жамланган ҳолда фракия ишчи гуруҳи томонидан партия позициясини шакллантиришда фойдаланилмоқда.
Чиндан-да, аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак. Ҳозирги кунда биз учун ЕОИИ ҳам ҳудудий яқинлиги, ҳам аҳоли сони бўйича бизнинг талабимизни қондириши мумкин. Иккинчи томондан бу каби очиқ бозор маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради.
Бундан ташқари, ЕОИИга кириш ягона электр энергияси бозори яратиш ва шу орқали барча аъзо-давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш имкониятини яратади. Иқтисодиётимиз рақобатбардошлигининг ошиши, савдо айланмасининг ортиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Аммо ўз-ўзидан савол туғилади бу каби очиқ рақобатга мамлакат саноати, инфратузилма, қонунчилик базаси қанчалик тайёр? Афсуски, бу саволлар устида таҳлиллар зарур.
Биргина божхона тармоғини белгиланган талабларга мослаштириш учун экспертлар таъкидлашича қарийб 1 миллиард доллар миқдорида маблағ талаб этилади. Ёки бўлмасам биз маҳсулотларимиз экспорт қилмоқчи бўлсак, уларни ЕОИИ талаблари бўйича сертификациядан ўтказишимиз лозим. Бизда эса ЕОИИда амалда бўлган 48 та техник регаментдан атига 5 тасигина мавжуд.
Яна бир мулоҳаза. ЕОИИда иқтисодий манфаатлар билан бирга сиёсий манфаатлар ҳам илгари сурилиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.
Масалани қанчалик кўп ўрганилган сари саволлар шунчалик кўпайиб бормоқда. Бугун ушбу ва шунга ўхшаш масалаларга жавоб топиш мақсадида Қонунчилик палатасида Вазирлар Махкамасининг мутасадди вакиллари, Бош вазир ўрибосари, бир неча вазирлар иштирокида “Хукумат соати” ташкил этилди.
Унда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан ҳукумат вакилларига иқтисодиётимиз, корхоналаримиз очиқ рақобат муҳитига қанчалик тайёр эканлиги, эҳтимолий зарарларни олдини олиш учун кўрилаётган чоралар, 95 % қисми ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлардан импорт қилинадиган фармацевтика ва тиббий ускуналар импортига аъзоликнинг таъсири каби саволлар билан мурожаат қилдилар. Ҳукукмат вакиллари томонидан ЕОИИ билан ҳар қандай шаклдаги ҳамкорлик масаласида энг аввало мамлакат манфаатларини акс эттирган ўз шартларини ўртага қўйиши ва бу орқали давлатдаги иш жойлари ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича имтиёзларни сақлаб қолиниши маълум қилинди. Аҳамиятлиси, ҳали ушбу масала бўйича ечилмаган саволлар етарли, шунинг учун бундай мулоқатлар хукумат аъзолари, олимлар ва амалиётчилар билан ҳали яна давом эттирилади.
Демак, биз яна бир бор мазкур иттифоққа аъзо давлатларнинг иқтисодий ва ҳаттоки сиёсий ҳолатини ўрганишимиз, уларнинг эришган ютуқ ва муваффақиятсизликлари таҳлилида ўзимиз учун зарур хулосалар чиқара билишимиз зарур. Бу жараёнда ЕОИИга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари, келишув ва битимларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳволига, фуқароларимиз манфаатларига қай даражада таъсир кўрсатишига алоҳида эътибор қаратишимиз шарт.
Масаланинг барча жиҳатлари, салбий ва ижобий омилларини чуқур таҳлил қилиб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Наримон УМАРОВ,
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари
Фикрингизни қолдиринг