Дабдабали тўйнинг товони “дабдабали” қарз ва ташвишга айланмасин

28.09.2019 10:09:25

Одамларнинг ўз турмуш тарзини гўзаллаштиришга ҳаракат қилиши ёмон эмас, албатта. Бироқ, дабдабали тўйлар, турли маросимларга сарф бўлаётган маблағнинг хўжакўрсинга ишлатилаётгани ҳам сир эмас. “Ким ўзар” қабилидаги тўй ва маросимларга ҳавас асло маънавий эҳтиёждан эмас, аслнда манманлик ва бошқалардан қолиб кетмаслик истаги бор, дейиш мумкин. Бу истакда бошқалардан ўзини устун қўйиш, ҳаминқадар кун кечирадиган одамларни писанд қилмаслик каби ёмон одатлар ҳам акс этиб туради. Тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирларни ихчам ўтказиш кенг жамоатчилик биргаликда ҳал қиладиган жиддий масалага айланиб, барчанинг диққат-эътиборини жалб этиб келаётган эди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрь  кунги қўшма мажлисида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорини кўпчилик қўллаб-қувватлаётганлиги бежиз эмас. Ушбу қарор билан тасдиқланган Низом 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамизнинг барча шаҳар, қишлоқларида амал қилинишини маъқуллаймиз. Жойларда мазкур Низом талабларига риоя қилиш юзасидан назорат олиб бориш маҳаллий Кенгашлар депутатлари, МФЙ раислари, ички ишлар профилактика инспекторлари зиммасига юкланмоқда. Демак, бу борада партиядошларимиз ҳам фаоллик кўрсатадилар.

Шунингдек, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам ва тартибли  ўтказишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши кўзда тутилган. Ўйлаймизки, ушбу дастурда тўй-маъракаларни ўз хусуситидан келиб чиқиб, соат 700- 2200 оралиғида ўтказиш кераклиги белгилаб қўйилса, айни муддаодир.

Кези келганда яна бир масала хусусида тўхталмоқчиман. Ҳали ҳам шаҳар, қишлоқларда ўтадиган тўйларда овозни кучайтирувчи ускуналар ёрдамида қулоқларни қоматга келтирувчи куй-қўшиғу шлвқинлар одамларнинг тинчини бузаяпти. Ахир ён-атрофдаги хонадонларда кекса ёки бемор кишилар, чақалоқлар бор. Соғлом бўлса-да, ишдан чарчаб келган кишининг дам олгиси келади. Табиийки, бундай шовқин-сурон ҳаммага азият етказади.

Мен оилавий тадбирларга 50 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 70 нафаргача, қўшалоқ тўй-ҳашамлар ва у билан боғлиқ ош бериш маросимида 100 нафаргача киши қатнашса, мақсадга мувофиқ бўларди демоқчиман. Шунингдек, келин-куёвлар, никоҳини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тўйхонага келиш кетишида 3 та автомашина бўлишини қўллаб-қувватлайман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатни бошқаришга киришган вақтларининг илк кунларидаёқ, тўй-ҳашамларда 50 нафар, кўпи билан 100 нафар одам қатнашса, тўй эгасига оғир бўлиб кетмаслигини билдирган, тўй-ҳашамлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни  ўтказишда ортиқча исрофгарчиликка, манманликка берилмасликни ҳам  алоҳида таъкидлаган эди.

Айрим ота-оналар дабдабали тўйлар қилиб, қийналиб топган маблағларини бир кунда мақсадсиз ҳавога совургандан кўра, келин-куёвларга энг зарур бўлган мулк — турар жой олиб беришса, яхши эмасми? Қолаверса, ёш оила фойдаланиши учун уй-рўзғор буюмлари ва бошқа эҳтиёжларига сарфласалар ёхуд шу пулни ишлаб топган ота-она ўз соғлиғини тиклашни ҳам ўйлаб кўрса-чи?!

Умуман олганда, тўй-ҳашамлар ва маърака-маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозлик ва сарф-харажатларга йўл қўймаслик, маҳаллаларда аниқ мақсадга йўналтирилган жиддий ва изчил фаолият олиб бориш лозим.

Нафсиламрини айтганда, бой-бадавлат кишилар манманлик билан дабдабали тўйлар қилиб, кам даромадли оддий одамларнинг кўнглига қаттиқ тегишдан, ранжитишдан ўзини тийиши керак.

Афсуски, хонадондаги тўкинчилик ифодасига ўхшаб кўринган дабдабали тўйлар шу хонадоннинг моддий жиҳатдан ночор аҳволга тушиши, узоқ йиллар давомида не машаққатлар чекиб узиш шарт ҳисобланган катта қарзга ботишига олиб келмоқда.

Шу боис тўй-ҳашамлар ва марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни яна ҳам ихчамлаштириш тарафдоримиз. “Бир кунлик тўй ўтади- кетади”, деган иборани “ташвиши-ю, қарз балоси узоқ йилларга етади”, деб давом эттиришга имкон пайдо бўлмасин. Ота-оналар ўз фарзанди ҳақида “бадабанг тўй қилиб уйлантираман, ҳамманинг оғзи очилиб қолсин”, деб эмас, “илм-маърифатли қилиб тарбиялайман, ўқиши учун шароит яратаман. Боламнинг элга нафи тегсин, кўрганлар бизга “раҳмат” айтсин”, деб орзу-ҳавас қилишса, деймиз. Унутмайликки, фарзандлар биздан ибрат олади. Демак, уларга яхши ибрат кўрсатайлик.

Рўйиддин  РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+