Давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш – коррупцияга қарши курашишнинг муҳим воситаси

14.09.2024 15:09:08

Кейинги вақтларда давлат бюджети, унинг харажатлари, давлат харидлари жараёнидаги коррупция ҳолатлари юзасидан мутахассис-экспертлар томонидан кўплаб фикрлар билдирилмоқда.

Маълумотларга кўра, жаҳонда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг 57 фоизи давлат харидлари соҳасидаги жиноятларга тўғри келиб, давлат харидлари билан боғлиқ коррупциявий жиноятлар натижасида дунё мамлакатлари иқтисодиётига ҳар йили 1 трлн АҚШ доллари миқдорида зарар етказилади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) га аъзо мамлакатларда эса давлат харидларида коррупция ҳолатлари ялпи ички маҳсулотнинг 15 фоизини ташкил этади.

Мамлакатимизда 2019 йилда 97,9 трлн сўмлик, 2022 йилда 204,5 трлн сўмлик давлат харидлари амалга оширилган. Ушбу соҳада 2019 йилда 36 та ташкилот томонидан 45,1 млрд сўм давлат манфаатларига зарар етказилган бўлса, 2022 йилда 29 бараварга ошгани ҳолда 2 885 та ташкилот томонидан 1,3 трлн сўм зарар етказилган.

Статистикага кўра, 2017 йилда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасида 3 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 122 тага етган. Бундан йилдан-йилга давлат харидлари миқдори ошиб бораётгани сари бу соҳадаги жиноятлар сони ҳам ортиб бораётгани кўриниб турибди.

“Адолат” СДП шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида,ўз Сайловолди дастурида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштиришни таклиф қилмоқда.

Мазкур ташаббус давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутади:

– давлат харидлари соҳасидаги амалдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш;

– давлат харидларини амалга оширишда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш билан боғлиқ истисно нормалар ҳамда берилган турли имтиёз ва преференцияларни қайта кўриб чиқиб, имтиёз ва преференцияларни фақатгина қонун билан белгилаш тартибини жорий этиш;

– қонунчиликда давлат харидлари устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш тартибини белгилаш.

Мазкур таклифлар асосида қонунчиликнинг такомиллаштирилиши давлат харидларини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+