Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлиги ошмоқда

15.12.2021 17:12:47

Давлат хизматлари кўрсатиш мамлакатимиздаги энг муҳим соҳалардан бири. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 декабрдаги фармони ва қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган эди. Бунга тўрт йил тўляпти. Аммо бу йўналишда қилинган ва бажарилган ишлар кўламини бир неча ўн йилликлар билан ўлчаш мумкин. Масалан, 2018 йилнинг 1 апрелигача Давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги хизматлар кўрсатилган бўлса, бугунги кунда аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларига 160 га яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бир кунда кўрсатиладиган давлат хизматлари ўртача 57 мингтадан ортиқни ташкил этади. Буларнинг барчаси аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Аммо бугунги дунёнинг талаблари ўзгача. Яъни, соҳадаги қамровни ва тезликни янада ошириш шарт.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 10 май куни давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишди. Унда йил якунига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифаси қўйилди.

2018 йилда давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантиришга старт берилди. Биринчи галда соҳа ислоҳ қилиниб, 70 дан зиёд хизматлар соддалаштирилди. Рақамларга тўхталсак, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 500 кундан 271 кунга қисқарди. Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари учун 145 та янги бино ва 115 та филиал барпо этилди.   Таҳлилларга кўра, айни дамда 22 фоиз ёки 157 турдаги давлат хизматлари замонавий марказлар орқали кўрсатилмоқда. Бу аҳоли учун катта қулайлик дегани, албатта. Бошқача айтганда, марказлар халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилувчи ноёб майдончага айланди. Масалан, 18 турдаги маълумотномаларнинг бекор қилиниши билан йилига 10-12 миллион аҳолининг оворагарчилигига чек қўйилади ва 150 миллиард сўм маблағнинг иқтисод қилиниши таъминланади. 10 га яқин электрон тизимнинг ишга тушиши ортидан 100 тонна қоғоз ҳамда 1,4 миллиард сўм маблағ тежалади. Бироқ бу чегара эмас. Қулайликларни янада ошириш имкони мавжуд ва эндиликда давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси янги босқичга қадам қўймоқда.

Яқин яқинларгача ҳам давлат хизматлари ҳақида сўз кетганда, кўз ўнгимизда узундан-узоқ навбатлар, овворагарчиликлар гавдаланарди. Бугун умуман бошқача манзарани кўриш мумкин. Давлат хизматларидан фойдаланмоқчимисиз, энди танлов имкониятига эгасиз. Истасангиз, давлат хизматлари марказига боринг, мобиль илова ёки веб-портал орқали электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига ҳам эгасиз. Қолаверса, почта бўлимларида ҳам электрон давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Хуллас, айнан давлат хизматларидан фойдаланиш бобида имкониятлар анча кенгайди. Жорий йилдан давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилмоқда. Хизматлардан фойдаланиш нафақат овворагарчиликка чек қўйиши, вақт ва маблағни тежаши, балки тизимнинг электронлашувида ҳам жуда муҳим.

Соҳани янада ривожлантириш мақсадида йил якунигача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 200 тага етказилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 716 та давлат хизматининг муддати, тўлов миқдори ва бошқа талабларини соддалаштириш, кун тартибидаги муҳим масалалардан. Давлат хизматлари 2020 йил якуни билан 142 турда бўлган бўлса, ҳозирда 157 тага етди. Автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, давлат рақами белгиси олиш, хорижий паспорт расмийлаштириш, яъни одамлар кундалик ҳаётида энг кўп эҳтиёж сезадиган хизматлар сифатини ҳам ошириш бўйича ишлар олиб борилаяпти.  Энг оғир ҳудудлар танлаб олиниб, замонавий компьютер, техника, интернет, мебел ва бошқа жиҳозлар етказиш бўйича ишлар давом этмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим биринчи навбатда аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратмоқда. Фирмани очиш ёки қандайдир рухсатномалар олиш керак бўлганда камида бир ой вақт кетарди. Давлат хизматлари марказларида эса тегишли ҳужжатлар олиб келинса, 15-20 дақиқада ишингиз битади. Ҳам вақт тежалади, ҳам ортиқча овворагарчилик йўқ. Югур-югур камайгандан кейин одамда нимадир иш қилишга иштиёқ пайдо бўлади. Бунинг эса тадбиркорлик учун аҳамияти катта. Яна бир қулайлик шу бўлдики, онлайн электрон давлат хизматларидан фойдаланиш. Яъни, сиз бугун дейлик соат 10.00 дан 11.00 гача вақтингиз бўлса, мобиль иловага кириб, шу вақтга ёзиласиз. Кун бўйи ўтирмайсизда, ўша белгиланган вақтда келиб, хизматдан фойдаланиб кетаверасиз.

Яна бир муҳим жиҳат– бу тизимни рақамлаштириш. Фуқаролик ҳолати далолатномалари архивидаги 60 миллион дона қоғоз шаклидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилгач, 660 минг фуқаронинг мурожаати ташкилотга келмасдан туриб, тезкор ҳал бўлди. Бу аҳолининг камида 8 миллиард сўм маблағи иқтисод қилинди, дегани.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Бунинг асосий сабаби, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаган. Мисол учун, Маданият вазирлиги томонидан кўрсатиладиган 25 турдаги давлат хизматларидан бор-йўғи бир турдаги хизматдан электрон шаклда фойдаланиш мумкин. Ички ишлар органлари томонидан эса 46 турдаги давлат хизмати кўрсатилади, аммо уларнинг 7 турдагиси онлайн шаклда. Соғлиқни сақлаш муассасалари тақдим этадиган 21 турдаги хизматнинг 5 турдагиси рақамлаштирилган.

Янги маълумот етказиш базаси, ситуацион марказ, “Call-markaz” фаолиятларини йўлга қўйиш устида иш олиб бориляпти. Қайд этилишича, бу якуний босқичда. Давлатимиз раҳбари тақдимотда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони ва сифатини ошириш бўйича кўрсатма берди. Рақамлаштириш айнан марказларда юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса хизмат сифатини янада оширади. Яна бир муҳим масала: ситуацион марказ орқали нафақат видео, аудио кузатув, балки хизматларнинг қаерда амалга оширилаётгани, қайси хизмат турига бўлган талаб ошаётгани, қайси хизмат турининг сифати камайгани ёки қайси ходим қанча хизмат кўрсатгани, қайси ходим дангасалик қилгани бўйича таҳлилни чиқариб беради. Мобиль иловалар хизмат кўрсатиш соҳасини бир неча баробарга тезлаштирди.

Умуман олганда, рақамлаштириш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий ёрдам кўрсатиш учун йўлланма, яъни ордер олиш хизмати рақамлаштирилади. Тўғрисини айтиш керак, бу таниш-билишчилик, бюрократия, коррупция омиллари учраб турадиган йўналиш. Шу сабабли бу хизматларни электрон шаклда тақдим қилиш орқали коррупция, таниш-билишчилик, порахўрликни камайтириш мумкин. Қолаверса, “марказ–маҳалла–фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматларининг оилаларга кириб боришига эътибор қаратилади.  

Режага кўра, аҳолига янада қулайлик тақдим этиш мақсадида янги механизмлар жорий этилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда Ягона ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўловлар бўйича 50 фоизлик чегирма тақдим этилади. Шу тариқа 1 миллионга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олинади. Давлат хизматини кўрсатиш муддати 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда хизмат учун тўланган тўлов қайтариб берилади. Тан олиш керак, ушбу соҳадаги ислоҳотлар одамларнинг оворагарчилигига барҳам бериб, ортиқча харажатларни чеклайди. Энг муҳими, энди аҳоли бир даста қоғоз билан у эшикдан бу эшикка чопмайди. Ушбу саъй-ҳаракатлар давлат хизматларини кўрсатиш соҳасининг аҳоли ва тадбиркорлар  рози бўладиган майдонга айланаётганидан, коррупцияга барҳам берилаётганининг  яққол далилидир.

                                                                  

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

                   Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, 

                                                       социология фанлари доктори, профессор

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+