Давлат мукофоти муборак, Дадахон!

01.07.2024 13:07:28

«Дадахон» номи билан ижтимоий тармоқларда фаол бўлган, Сўх ҳаётига доир ижтимоий-иқтисодий, маънавий- маърифий мақоллари билан барчага таниш бўлган сўхлик блогернинг исми Хайитбой Хасановдир.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳамда «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди. Фарғоналик бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти ҳамда «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирландилар. Тақдирланган ёшлар қаторида бизнинг партиямиз аъзоси, Сўх тумандаги «Сариканда» маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Ҳайитбой Ҳасановнинг ҳам борлиги барчамизни қувонтирди.

Ахир «Сариканда» маҳалла ёшларини ягона мақсад йўлида бирлаштириб, уларни тадбиркорликка йўналтириш, ишбилармонлик қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашиб, янги-янги бизнес лойиҳаларини имтиёзли кредитлар асосида молиялаштириш мумкинлигини ёшларга уқтираётган ҳам шу фидойи йигит ҳисобланади. Бугун Сўх тумани ўзининг бетакрор табиати билан жаҳон туризм ўчоқларидан бирига айланиши мумкинлигини эътироф этиб, уни тарғибот қилаётган ҳам айнан шу йигит эмасми аслида?

Дадахон, яъни Ҳайитбойнинг «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланиши, бу мукофотни шахсан Президентимиз Ш.Мирзиёевдан тантанали равишда қабул қилиб олиши сўхлик ёшларнинг қалбига янада улуғвор шижоатларни бахш этгани рост.

Интилган инсон қаерда бўлмасин, халқни, давлатни назаридан четда қолмайди. Ўқиб-ўрганган, ўзлигини намоён қилишга интилган ёшлар албатта, мамлакат раҳбарининг эътирофи ва эътиборидадир.

Бугун сўхликлар бу қувончли онни катта шодиёна сифатида нишонламоқдалар. Биз ҳам «Адолат» СДП фаол аъзоси Дадахонни юксак мукофот билан қутлаймиз. Янги мақсадлар йўлидаги изланишлари бунданда улуғвор мукофотларни бошлаб келсин.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+