Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашда жамоатчилик назорати кучайтирилади

19.06.2021 14:06:54

Ҳар қандай давлат тараққиётининг янги даври ва босқичи, биринчи навбатда, давлат бошқаруви тизимини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боисдан сўнгги тўрт йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилишини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича 2017-2020 йилларда 132 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 26 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 34 та Президент Қарори, 38 та Президент Фармони, 34 та Вазирлар Маҳкамаси Қарори қабул қилинди.

Куни кеча қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони эса мазур йўналишда бошланган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиши билан янада аҳамиятлидир.

Фармон билан Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга қаратилан бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.

Эндиликда, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати доимий равишда сайтларида эълон қилиб борилади.

Хусусан, белгиланган вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради. 1 апрелга қадар эса ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

Бу эса сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлаётган бюджет маблағларининг ноўрин сарфланиб талон-тарож қилинишининг олди олинишига хизмат қилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан бошлаб, амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилиб, улар ҳар чоракда янгилаб борилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Адлия вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича доимий равишда таклифлар бериб бориш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда. Натижада, бу борада кенг жамоатчилик ҳамда мутахассислар томонидан бериладиган таклиф ва тавсиялар ҳам амалиётга жорий этилиб, тизим янада такомиллаштирилади.

Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш каби вазифалар юклатилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Фармоннинг амалиётга тадбиқ этилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бажаришини таъминловчи яхлит тизим ишга туширилади.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+