«ДАВЛАТ ҚОНУНЛАР АСОСИДА ҚУРИЛМАС ЭКАН...»

04.07.2022 12:07:25

Соҳибқирон бобомизнинг ўгити бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга молик

Конституция тинч, тўкин ҳаёт ва мамлакат тараққиётини белгилайдиган муҳим ҳужжат бўлиб, жамиятда муносиб турмуш кечиришнинг ҳуқуқий нормаларини акс эттиради.Бу нормаларнинг пишиқ-пухта, миллий қадриятларимизга мос ҳолда бўлиши юртга, ўз ҳаётига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаоллигига бевосита боғлиқ.

Мамлакатимизда умумхалқ муҳокамасига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси бугун барчанинг эътиборида. Мазкур қонун лойиҳасини халқимиз қизғин муҳокама этмоқда, маъқулламоқда. Бунда фуқароларимиз амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор эканини намоён этиб, ўзгартиш ва қўшимча киритилаётган ҳар бир моддага ўз муносабати, таклиф ва тавсияларини бераётгани қувонарли.

Конституцияга маълум даврлар оралиғида, ислоҳотлар жараёнида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш дунё ҳамжамиятида кўп кузатилади. Бугунги кунда дунёда 500 дан ортиқ амалдаги Конституция бўлиб, улардан 200 га яқини мустақил давлатлар, 300 дан ортиғи федерациялар субъектларига тегишли. ХХ асрнинг охирги ўн йиллиги ва ХХI асрнинг боши дунё юриспруденцияси тарихига жаҳон ҳамжамияти вакилларининг Конституциявий тузумида Конституциявий ислоҳотларнинг янги сифат босқичига чиқиши, Конституциявий дунёқарашда сифат жиҳатидан чуқур ўзгаришлар даври сифатида киради. Хусусан, сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида Конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, 57 давлатда янги конституция қабул қилинди.

Ҳозирда дунёда дастлабки таҳрирдаги Конституциялар деярли қолмаган. Энг қадимий ҳисобланган Конституцияларга ҳам АҚШда 27 та туб ўзгартириш, Норвегияда 200 мартадан ортиқ, Нидерландияда 24 марта ўзгартириш киритилганлигини кузатиш мумкин.

Минтақамиздаги яқин қўшни-қардошларимиз ҳам кейинги даврда ўз конституцияларига бир неча марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни маъқул топишди. Марказий Осиё давлатлари ичида Қирғизистон энг кўп конституция қабул қилган мамлакат саналади. Ҳозирги кунгача мазкур давлатда тўрт марта (1993, 2007, 2010, 2021) янги конституция қабул қилинди. 1993 йилда қабул қилинган конституцияга кейинчалик 1996, 2003 ва 2006 йилларда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 2007 йил 21 октябрда мамлакатда референдум йўли билан янги конституция қабул қилинди, бироқ бу қонун кўп ўтмай 2010 йилда янги конституцияга алмаштирилди.

2010 йилги Қирғизистон конституцияси давлат бошқарувида парламент ролини оширган ҳолда президент ваколатларини чеклади. Бу қонун 2021 йилгача амалда бўлди. 2021 йил 11 апрелда 114 моддадан иборат Қирғизистоннинг янги конституцияси қабул қилинди. Мазкур конституция билан президент ваколатлари қайта кенгайтирилиб, парламент ваколатлари чекланди.

Қозоғистоннинг амалдаги конституцияси 1995 йил 30 августда қабул қилинган. Конституция қабул қилинганидан буён шу кунгача унга тўрт марта қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Охирги ўзгариш 2017 йил 10 мартда киритилган бўлиб, унда асосан президент ихтиёрида бўлган ваколатларни парламент ва ҳукуматга ўтказиш билан боғлиқ ўзгаришлар кўзда тутилган.

1992 йил 18 майда қабул қилинган Туркманистоннинг амалдаги конституциясига 2008 ва 2016 йиллари ўзгартиришлар киритилган. 2016 йилдаги ўзгаришлар президент сайловда ғалаба қозонишда давом этса ўз лавозимида номаълум муддатга қолишига имкон беради.

Шу нуқтаи назардан Истиқлол туфайли республикамизда рўй берган демократик ўзгаришлар давомида мамлакатимиз Конституциясига ҳозирги кунга қадар 14 марта ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган. Чунончи, 1993,2003, 2007, 2008, 2011,2014, 2017, 2018, 2019 йилларда қабул қилинган Қонунлар ҳамда 2002 йилда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра, ана шу жараён амалга оширилди.

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз «Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади», деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш жамиятимиз аҳли интилаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.

Асосий Қонунимизга киритилаётган янги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айлантириши шубҳасиз.

Ҳалимжон Тоҳиров,

Андижон.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+