Давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса

01.02.2021 11:02:43

Жорий йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён бўлиб ўтади. Сайлов демократия кўзгуси сифатида баҳоланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган “давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса” — Президентлик сайлови масаласига тўхталиб ўтганди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Марказий сайлов комиссияси “бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши” лозимлигини таъкидлаган эди.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни учинчни ўқишда қабул қилинди. Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан мазкур қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, қабул қилиниши, фикримизча, бу ҳам демаократиянинг бир кўринишидир.

Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилар эди.

Бу эса сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади. Шу сабабли, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу 2021 йилда 24 октябрь, якшанба  кунига тўғри келади.

Шу нуқтаи назардан қабул қилинган қонун бўйича “Сайлов кодекси” ва “Сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан:

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига ҳамда “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”и Конституциявий Қонунининг 3-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар ўтказиш декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилмоқда;

— Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 19-моддасида вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари сони 7 – 15 нафардан 11 – 21 нафарга ўзгартирилмоқда.

Бизнинг фикримизча, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши орқали умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилмоқда. Бу эса сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини таъминлайди. Шу билан бирга, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун пухта замин яратилади.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Бу эса, фикримизча, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган, сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маърифий ислоҳотлар БМТ, ЕХҲТ, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи кенгаши ва бошқа бир қатор нуфузли хорижий ташкилотлар доимий эътиборида турибди ва улар мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқдалар. Шу боис ҳам қонунчиликдаги бир қатор ўзгартиришлар ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсияларига асосан киритилмоқда. Хусусан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Эндиликда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклайди. Бизнинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши сайловлар вақтини декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси билан киритилган мазкур қонунни қўллаб-қувватлайди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, сайлов тизимини демократлаштириш бу давлат ҳокимияти органларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омилларидан биридир. Қонунда белгиланган қоидалар, принциплар эса мамлакатимиз сайлов тизимининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар тажрибаси асосида янгиланаётганидан далолатдир.

 

Равшан ДАСТИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

 Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар  Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+