Янгиликлар 1168
Давлат ва жамият ривожида хотин-қизларнинг илмли ва маърифатли бўлишининг тарихий тажрибаси
Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг
маънавий даражасини аввало шу юрт
аёлларининг маънавий савияси белгилайди.
Шавкат Мирзиёев
Ҳар бир давлатнинг маънавий тараққиёти
аёлга бўлган эътибори билан ўлчанади.
Вилгелм Гумболдт
Мамлакатимиз равнақининг ҳозирги даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятнинг ижтимоий ҳаётидаги нуфузини, давлат қурилишидаги фаоллигини ошириш борасидаги масалаларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон тараққиёт йўлининг устувор йўналишларига киради.
Миллий тафаккуримизда аёлга бўлган ҳурмат ўз тарихий илдизларига эга. Қадриятларимизда аёл доимо эркак кишига дўст, ёр, оқила, меҳрибон, оилавий тинчликнинг раҳнамоси сифатида улуғланган. Миллий тарихимиздаги Тўмарис, Бибихоним, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий каби буюк сиймоларимиз асрлар давомида юртимиз аёлларининг чинакам тимсоли бўлиб келмоқда.
Аждодларимиз аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Абу Наср Форобий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитратнинг асарларида хотин-қизлар мавқейи масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Алишер Навоий «Ер юзида ўзининг ақл-заковати, донолиги, гўзал ҳусни, андиша ва сабр-тоқати, меҳр ва садоқати билан дунёга донг таратган аёллар жуда кўп” деб алоҳида таъкидлайди.
Миллий маърифатпарварларимиз хотин-қизларнинг ўқимишли, илмли, маданиятли, ўз жамияти учун зарур ва фойдали инсонлар бўлиб етишишларига ўз муносабатларини билдирганлар. Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, - деб ёзган эди.
БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган «Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар» тўғрисидаги рeзолюцияда гeндeр тeнгликни таъминлаш масаласи кўтарилган бўлиб, бутун дунёда хотин-қизларнинг фан, тeхника ва инновацион ютуқлардан тeнг ва тўлақонли фойдаланишларига имкониятлар яратилишига чақирилган.
БМТ қарорига кўра 2016 йилдан буён 11 фeврал «Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни» сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад аёлларнинг илм-фандаги салоҳиятига эътибор қаратиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мамлакатимизнинг Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида«ги конвенциясини, “Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида«ги конвенциясини ратификация қилиши миллий даражада аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини имплементация қилиш бўйича зарур ҳуқуқий асосдир.
Олий таълим муассасаларида хотин-қизларга қўшимча давлат грантларининг ажратилганлиги уларга берилган яна бир имконият ва имтиёздир.
2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” танлови ҳам диққатга сазовор.
Унда олималар, ихтирочилар, рационализаторлар, дастурчи, тадбиркор аёллар ўз техник лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмалари билан иштирок этиб келадилар. Лойиҳалар ичидан 100 та энг муносиби танлаб олиниб, уларнинг муаллифлари танлов ғолиби сифатида эътироф этилади.
Илм-фан соҳасида аёлларнинг фаоллигини ошириш учун “Олима аёллар грантлари” танловининг эълон қилиниши хотин-қизларнинг илмий ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.
2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши олималаримиз фаолиятини жадаллаштирди.
2018 йилда мамлакатимизда фаолият юритаётган илмий ходимларнинг 150 мингдан ортиғини аёллар ташкил этган. Улар орасида 8 нафари академик, 616 нафари фан доктори, профессор, 4780 нафари фан номзодлари, доцентлар, минглаб тадқиқотчилар, илмий изланувчи хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда.[1]
Шу ўринда дунё ижтимоий-сиёсий ва илмий ҳаётига буюк таъсир этган аёллар - қиролича Елизавета, Ангела Меркел, Беназир Бхутто, Индира Ганди, Олив Деннис, Хеди Ламарр, кибернетик Грейс Хоппер, Энн Мур, ДНКнинг рентген-структур таҳлилини амалга оширган Розалинд Франклин, генетик Кристиан Фолхард, астроном Каролина Герцҳел, Нобел мукофоти соҳибалари физик Мария Склодовская-Кюри, Ирен Кюри, математик Софя Ковалевская номларини эслаш жоиз.
Ўзининг ноёб иқтидори, билими, салоҳияти билан мамлакатимиз илм-фан, маърифат ва маънавияти ривожига улкан ҳисса қўшган олималарнинг ўрни ҳам беқиёс эканлигини таъкидлаш жоиз. Академик Ҳадича Сулаймонова, академик Галина Пугаченкова, профессор Суюма Ғаниева, Фозила Сулаймонова, Сабоҳат Азимжонова, Мазлума Асқарова, Раъно Ражабова, Зарифа Саидносирова, Раҳима Аминова каби олималар олиб борган тадқиқот ишлари ва уларнинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ёшлар учун ибрат ва ўрнакдир.
Академик Ҳадича Сулаймонова – биринчи ўзбек ҳуқуқшунос олимаси ҳамда юридик соҳада илк фан доктори. Академик Раҳима Аминова - Ўзбекистон Республикасининг Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, республикада хизмат кўрсатган фан арбоби. Зарифахоним Саидносирова - биринчи ўзбек кимёгар олимаси. Мазлума Асқарова – лингвист, ўзбек тилининг синтаксисини ишлаб чиққан.
Академик Сайёра Рашидова, Гулнора Рашидова, Сенат раиси – Танзила Норбоева, сенаторлар Дилором Тошмуҳамедова, Малика Кадирханова, Гулнора Маъруфова, Ўзбекистон хотин-қизлар «Олима» уюшмаси раиси Раҳбархон Муртазаева сиёсий жабҳада лидер аёллардир.
Фалсафа, социология, филология, педагогика соҳаларида фан докторлари ва профессорлар Раҳима Мавлонова, Жамила Шермуҳамедова, Дилором Шарипова, Ойниса Мусурмонова, Лолахон Мўминова, Санобар Нишонова, Васила Каримова, Майя Ганиева, Роҳатой Сапарова, Лайло Раупова, Шоҳида Содиқова, Нигина Шермуҳамедова, Муяссар Маҳмудова, Раъно Ходжаева, Дилдора Каримова, Шахноза Мадаева, Дилноза Рўзиева, Хафиза Комилова сингари юзлаб олималар мамлакатимизда таълим-тарбия жабҳасида фидойилик кўрсатдилар ва кўрсатмоқдалар.
Ҳеч шубҳа йўқ-ки, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ҳам ёш истеъдод соҳибалари устозлар изидан борадилар ва умуминсоний тамаддунга муносиб ҳисса қўшадилар.
МОҲИРА ХАЛИКОВА,
Тошкент шаҳар педагогларни
янги методикаларга ўргатиш
миллий маркази директори,
фалсафа доктори, доцент
Фикрингизни қолдиринг