Давлат хизматчиси билимли бўлса, қонуний чора қўллайди

21.04.2021 17:04:19

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида  ЙПХ ходимининг фуқаро билан низоли ҳолати тасвирга туширилган видео тарқаб, интернет фойдаланувчиларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.  Маълум бўлишича, ЙПХ ходимининг ёнига маст ҳолдаги фуқаро келиб, ходимга нисбатан турли ҳаракатлар билан хизмат фаолиятига халақит берган. Воқеалар ривожидаги ходим ва фуқаро ўртасидаги муаммоли муомала номаълум шахс томонидан қўлбола видеотасвирга туширилиб, интернетда тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ томонидан расмий муносабат билдирилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Афсуски, ҳозирги кунда воқеа моҳиятига етмасдан видео тарқатиш ва айбловлар ёғдириш авж олди. Юқоридаги ҳолатда ҳам бир томонлама фикрлашдан тийилиш лозим. Тўғри, ЙПХ ходими ўзини нотўғри тутди, қонуний чора кўриб, рация орқали ёрдамчи кучларни чақирмади. Хатти-ҳаракатларидан у ИИБга тегишли давлат хизматчиси эканлигини унутиб, оддий бир одам сифатида қасоскорона жавоб қайтаришга ўтиб кетганини кўришимиз мумкин. Агар вазиятга билим билан ёндошганида жамоатчиликнинг норозилигини туғдирмасди эҳтимол. Аммо жамоатчилик вакиллари ҳар қандай ҳолатга холис баҳо беришни ўрганишлари ҳам муҳимдир.

“Ички ишлар органлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасида “Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт” дея таъкидланган. Ҳа, ички ишлар органлари ўз фаолиятини инсон ҳуқуқларини устун қўйган ҳолда олиб боришлари даркор. Бинобарин уларнинг асл вазифалари ҳам инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат. Бир томоннинг ҳуқуқини таъминлашга бошқа бир томоннинг ҳуқуқини поймол қилиш эвазига эришиб бўлмаслиги кундек равшан.

Шу билан бирга, мазкур қонуннинг 17-моддасида фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш орган ходимининг ҳуқуқлари қаторида тилга олинади. Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар вакиллари учун айрим вазиятларда мажбурлов чоралари касбий эҳтиёж ва талаб даражасига кўтарилиб қолади, функционал вазифаларини бажариш мақсадида шу усулни қўллашларига тўғри келиши мумкин.

Қонуннинг 22-моддасида орган ходими шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўладиган вазиятлар санаб ўтилган. Масалан, жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун ёки ходимнинг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш мақсадида жисмоний куч ишлатишга руҳсат берилади.

Демак, нафақат фуқаролар, балки давлат органи вакили сифатида ички ишлар органлари ходимларининг ҳам ҳуқуқий ҳимояси қонун билан кафолатланади. Албатта, уларнинг ўз соҳасига доир билимлари ва касбий этикасини юксалтириш ҳам бугунги куннинг долзарб вазифасилигича қолмоқда. Ички ишлар вазирлигидан кадрлар сиёсатини қайта кўриб чиқиш, билимсиз ходимларнинг малакасини оширишни кутиб қоламиз.

Қонун устуворлиги учун курашувчи партия сифатида “Адолат” СДП ҳар иккала томондан ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш ва холислик тамойилига амал қилишни кучайтириш тарафдоридир.

Дурдона АЛИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+