Давлатимизнинг ривожида фаол иштирокчи бўлишга ундовчи дастуруламал

19.08.2021 17:08:43

 

Мамлакатимиз Президентининг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар  ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзусидаги суҳбат-интервьюси барчамиз учун қўлланма, давлатимизнинг  ривожида фаол иштирокчи бўлишга ундовчи дастуриамалдир.  Энг аввало, мазкур интервью оммавий ахборот воситаларига нисбатан ҳурмат, уларнинг  фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва сўз эркинлигини таъминлашда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар,  турли соҳалардаги истиқболли юксалишлар,  сўнгги йилларда   халқимизнинг  қалбидан чуқур жой олган “Янги Ўзбекистон”нинг асл моҳиятини очиб берди.  

-Таъкидлаш керакки,  Янги Ўзбекистонни барпо этиш  –  бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос,  унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир, – дейди  давлатимиз раҳбари  суҳбатда.

Албатта, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни юксалиб боришида ҳар жабҳанинг такомиллашуви, замон талабларига тўла мувофиқ келиши зарурдир. Бу ўринда энг муҳим ўзгаришлардан бири давлат идораларининг халқимизга хизмат кўрсатиши ва унинг сон ва сифат жиҳатдан  яхшиланиб бораётганлиги  фуқаролар томонидан катта мамнунлик билан қабул қилинди.

Аҳолининг манфаатлари, уларнинг келажакдаги орзулари ва мақсадларини таъминлашга қаратилган барча ислоҳотларнинг бугунги кундаги акси давлат идоралари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатда  ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда сўз юритар экан, энг аввало халқимизни рози қилиш йўлидаги ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари  манфаатларига ижобий таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлайди.  Шубҳасиз, жадаллик билан қишлоқларимизнинг ободлик либосини кияётганлиги, уй бекаси бўлган оддий аёлларимиз бугун ўзи каби фуқароларнинг бандлигини таъминлашга эришаётгани,  чекка ҳудудларда қад ростлаётган  шинам, замонавий уйлар  бунинг ёрқин ифодаси аслида.

Глобал пандемия даврида олиб борилган оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъмин этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги ҳам эътиборга молик. Тиббиёт соҳасининг бу борада илдам ҳаракат қилиши, моддий-техника воситалари билан таъминланиши, санитария талабларининг оммавий татбиқ этилиши ва назорати  хавф таъсирини камайтирди. Фуқаролар саломатлигига қайғуриш билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг жорий этилганлиги аҳолининг мушкул вазиятда қолмаслигини таъминлади.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари таъкидлаган давлат тизими, халқ ҳаётидаги ўзгаришларга барчамиз бугун шоҳид бўлиб турибмиз.  Демакки, мазкур жараённинг бевосита иштирокчиси ҳамда йўлбошчимизнинг яқин кўмакчиси бўлмоғимиз лозим.

 

 Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши депутати,

 Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+