«Декрет» пули ишлаган ҳар бир аёлга берилиши зарур

29.07.2024 19:07:37

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда обдон муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси давлат ижтимоий суғуртаси тизими, уни ташкил этиш ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси тўловларини тўлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан эътиборга молик.

Таклиф этилаётган лойиҳа билан Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича шу жумладан, касаллик – ишчиларнинг бетоблиги сабабли меҳнатга лаёқатсизлиги, «декрет» — аёлларнинг туғуруққача ва туғуруқдан кейинги даври учун ҳамда ишдан бўшатиш нафақаси – фуқароларнинг вақтинча ишсизлиги даврида тўланадиган нафақалар турлари белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан аҳолини суғурталаш тизими жорий этилиши белгиланяпти. Хусусан, инсон ҳаёти ва фаолияти давомида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида (ўзи ёки фарзанди касал бўлганида, қисқа даволанишда, туғруқ даврида) ёки ишсиз қолганида ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ижтимоий қўллаб-қувватланади.

Қизғин муҳокамалар давомида фракция аъзоси Олтиной Мамирова қонун лойиҳасининг аҳамиятига эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган нормалар партия сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фаолият туридан қатий-назар ишлаётган ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, хомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда ишдан бўшатиш нафақасини тўлиқ тўланишига, ижтимоий фаол аҳолининг камбағал оилалар тоифасига тушиб қолишининг олдини олишга хизмат қилади.

Фракция йиғилишида «Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги асосий тушунчалар, давлат мудофаа буюртмасининг асосий мақсади ва вазифалари, ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солиш, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва бажариш ҳамда махфийлик тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш, жойлаштириш ва бажариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ягона ҳуқуқий механизми яратилиб, давлат мудофаа буюртмаси шакллантириш, жойлаштириш ва бажариш соҳасида давлат органларининг аниқ ваколатлари белгилаб берилади.

Йиғилишда кўриб чиқилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+