Янгиликлар 3795
Демократик жараёнлар ортга қайтмайди
Мамлакатимиз халқи Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигини катта тантана билан нишонлади. Юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Буюк Истиқлолга бағишланган турли тадбирлар, сайиллар бўлиб ўтди. Шоду хуррамлик билан ўтказилган айём ватандошларимизнинг 1991 йилда мустақил тараққиёт йўлини танлаганлиги нақадар оқилона ва тўғри иш бўлганлигини яна бир бор тасдиқлади.
Албатта, ўтган даврда эришилган юксак натижалар ўз-ўзидан келгани йўқ. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилинди, кўплаб қийинчиликлар енгиб ўтилди. Пойтахтдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 31 август куни ўтказилган тантанада мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев кўп миллатли халқимизни Мустақиллик байрами билан табриклаб айтган қуйидаги сўзлари ҳаммамизнинг дилимиздан жой олди. “Бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда”.
Чиндан ҳам юртимиз аҳли Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган йўналишлар асосида миллий юксалиш сари дадил одимламоқда. Айниқса, кейинги уч йил мобайнида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар барча жабҳаларда улкан ўзгаришлар ва янгиланишларга сабаб бўлди. Мамлакатимизнинг бошқа минтақалари қатори Наманган вилоятида ҳам иқтисодий-ижтимоий соҳаларда катта ютуқлар қўлга киритилаётгани таҳсинга лойиқдир. Бунга байрам арафасида рўй берган қатор воқеаларни мисол келтириш мумкин.
Август ойининг бошларида Тўрақўрғон туманида қад кўтарган иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблоки ток бера бошлади. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 минг АҚШ доллари бўлган мазкур иншоот Фарғона водийси вилоятларининг электр қувватига эҳтиёжини тўла қондириб, иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омилга айланади. Ёки Уйчи туманида иш бошлаган бир марталик шприцлар ишлаб чиқарувчи заводни олайлик. У йилига 100 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқара олади. Байрам арафасида Наманган шаҳри вокзалига пойтахтдан биринчи электропоезд етиб келди. Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Вилоятимизда барча туман марказларини замонавий шаҳарчаларга айлантириш юзасидан ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозиргача Наманган, Норин, Тўрақўрғон, Поп туманлари марказлари замонавий қиёфа касб этди. Байрам арафасида уларнинг тақдимот маросимлари ўтказилгани аҳолининг олқишига сазовор бўлди. Мана шуларнинг ҳаммаси ўша 1991 йилда халқимиз тўғри йўлни танлаганидан далолат эмасми?
Айни пайтда Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш юзасидан кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилаётганлигини ҳам бутун дунё тан олаётгани сир эмас. Президентимиз томонидан тантанали маросимда айтилган қуйидаги сўзларни ҳам барчамиз мамнуният билан кутиб олдик. “Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди. Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз! Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!”
Бу фикрлар ҳар бир кишининг тилида ва дилида жаранг сочмоқда.
Исроил ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг