Янгиликлар 1876
Демократия кўзгуси
Сайлов халқнинг хоҳиш-иродасини, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясини, ўз тақдири ва келажагига қандай катта ишонч ва масъулият билан қараётганини ифода этади. Сайлов аввало фуқароларни мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиёт дастурига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имконияти десак муболаға бўлмайди.
Сайловчиларга сайловга оид муносабатларни тўғри, осон тушуниб олишлари учун қулайлик яратиш, миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш бугунги кундаги асосий вазифа ҳисобланади.
Бугунги кунда муҳокама этилаётган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига кўра халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш кўзда тутилмоқда. Бу оптималлаштириш натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилиб, Давлат бюджетидан кетаётган харажатларни қисқаришига олиб келади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларини чоп этиши, етказиб берилишини таъминлашни йўлга қўйиш, ўз вақтида етарлича етказиб беришни марказлаштирилган тартибда амалга ошириш ҳам айни муддао. Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси умумий сайлов ҳуқуқи принципини янада кенгроқ таъминлашга, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Муҳиба БАБАБЕКОВА,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати,
Ўзбекитон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг