Демократия жараёнда фуқаролар фаоллигини оширишнинг муҳим омили

27.01.2021 22:01:54

Мамлакатимизда ҳар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало инсон манфаатига хизмат қилишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шулар қатори қабул қилинаётган қонунлар ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар негизида ҳам фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш турганлигини ҳар биримиз теран ҳис этамиз.

«Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам демократик жараёнларда фуқаролар фаоллигини ошириш назарда тутилганлигини кўрамиз. 

2020 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда.

Кўрсатилганидек, ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкалари доираси билан чекланган бўлиб, амалиётда бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келмоқда ва Давлат бюджетига қўшимча харажатларни кўпайтирмоқда. Оптимизация натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилади ва натижада 33,2 миллиард сўм маблағ иқтисод қилиниши ҳисоб-китоб қилинган.

Бу ўз навбатида давлат бюджети ҳаражатларининг самарасиз ишлатилишининг олдини олишга ва иқтисод қилинган маблағларнинг юртимиз ривожи, халқ фаровонлиги учун мақсадли ишлатилишига хизмат қилади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши белгилан.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши қонун лойиҳасида белгиланиши, сайловнинг барча иштирокчиларига бирдек маъқул келади.

Сабаби, қишнинг совуқ кунларида тарғибот ишларини ўтказиш, фуқароларнинг сайлов участкасига келиб овоз беришдаги учрайдиган қийинчиликлар каби қатор муаммоларни келтириб чиқарарди.

Шулардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўчимчаларни тўла қўллаб-қувватлайман.

 

Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+