Депутат 40 йиллик муаммони ҳал қилди

21.12.2020 14:12:23

 Жойларда қонун устуворлигининг таъминланишида халқнинг ишончли вакиллари  бўлган  депутатларнинг ўз ўрни, ўз масъулиятлари бор. Фуқароларни ўйлантираётган саволлар ва уларнинг таклифлари депутатларни фаол ишлашга ундамоқда. Эришилган натижалар эса аҳолининг фаровонлиги, турмуш даражасининг юксала бораётгани ва бунёдкорлик ишларида намоён бўлмоқда. Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини  чуқур  ўрганиш  ва ҳал этишда партия депутатлар фаоллиги  муҳим аҳамият эга.

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Фахриддин Матасимов партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойихаси доирасида шаҳардаги  “Чамбил” МФЙ  вакиллари ва фаоллари билан учрашди. Депутат ушбу  маҳалладаги аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Учрашувда “Чамбил”  МФЙ раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Гулзода Нишонова  ички йўллар таъмирталаблигини,  муҳтож эканлигини маълум қилди.

МФЙга қарашли Чамбил, Мустақиллик кўчалари ёғингарчилик туфайли кўлмак эмас, “дарё”га айланиши, узоқ вақт ботқоқ ҳолида қолиб кетиши аҳолини доимий норозилигига сабаб бўлиб келмоқда эди. Қарийб икки мингдан зиёд аҳоли фойдаланадиган бу йўллардан пиёда юриш у ёқда турсин, автоуловларда ҳаракатланиш ҳам жуда қийин эди. 40 йиллик оғриқли бу муаммо кўп маротаба тегишли ташкилотлар диққат-эътиборига ҳавола қилинган бўлса-да, ўз ечимини топмай келган. Ва ниҳоят, Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Фахриддин Матасимов шаҳар “Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш” ташкилот раҳбарига депутатлик сўрови юбориб, сал кам ярим асрлик муаммони ижобий ҳал қилди.

Халқимизда “бирники мингга,  мингники туманга” деган нақл бор. Бир одамнинг, у ҳам бўлса “Адолат” партиясининг фидойиси, жонкуяр, масъулиятли вакили Фахриддин Матасимовнинг ҳаракати билан минглаб одамларнинг мушкули осон бўлди, йўл азобидан қутилдилар. Айтиш жоизки,  энди текис ва равон Чамбил ва Мустақиллик  кўчаларидан юрган хар бир яхши ниятли инсон депутат шаънига самимий дил изхорларини айтиши шубҳасиз.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+