Янгиликлар 3938
Депутат аҳоли мурожаатларини ўрганди
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қуйидаги сатрлар бор. “Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим. Наманган вилояти халқ депутатлари кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар бу фикрларни ўзлари учун дастуриламал билиб, сайловчилар билан амалий мулоқот ўрнатмоқдалар, уларнинг талаб-эҳтиёжларини ўрганиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўлларини топиш устида изланмоқдалар.
“Байналмилал” – Наманган шаҳрининг марказида жойлашган қадимий маҳаллалардан бири. Кейинги йилларда мазкур ҳудудда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги кўп қаватли турар-жойлар, қатор маданий-маиший объектлар қад ростлади. Шу билан бирга эски кўчаларда яшаётган аҳоли ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Халқ депутатлари Наманган аилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Воҳидхон Гаппаров сайланган 34-Оби ҳаёт сайлов округи мана шу маҳаллани ҳам ўз ичига олади. У ўзининг депутатлик фаолияти бошланиши биланоқ аҳоли билан учрашувларни мунтазам ўтказишни йўлга қўйди. Яқинда сафдошимиз биз юқорида тилга олган “Байналмилал” маҳалласида яшовчи сайловчилар билан учрашди. Самимий ва жонли руҳдаги мулоқотда аҳолини қийнаётган айрим муаммолар тилга олинди.
Сабохон Зокирова, “Байналмилал” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли:
– Бир неча кун аввал вакилларимиз депутат қабулида бўлиб, кўпчилик номидан сайловчилар билан учрашувга таклиф этишганди. Мана, бугун у билан мазмунли мулоқот ўтказдик. Маҳалладошларимиз ўзларини ўйлантираётган айрим муаммолар ҳақида сўзлаб беришди. Депутат уларнинг барчасини ёзиб олди ва чуқур ўрганиб, ечимларни қидиришга ваъда берди.
“Байналмилал”ликлар энг аввало, Зафар кўчаси ва унга ёндош берк кўчаларни асфальт қилишда ёрдам сўрашди. Бундан ташқари, ҳовлилардаги дарахт ва экинларни суғориш учун оқин сув йўқлигини билдиришди. Ҳолбуки, Янгиариқ канали шу ҳудуддан ўтади. Агар ундан чоғроқ ариқ қазиб берилса, хонадонлар янада кўкаламзорлашар, ичимлик суви исроф бўлишининг олди олинарди. Шунингдек, МФЙ идораси жойлашган собиқ масжид биносини таъмирлаш, қўшимча иккита хона қуриш масаласи ҳам кўриб чиқиладиган бўлди.
Ушбу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Зокиржон Нўъмоновнинг айтишига қараганда, аҳоли вакиллари депутат ташрифидан ниҳоятда мамнун бўлдилар. Чунки у масалалрни чуқур ўрганишга, хулосаларни умумлаштириб, шаҳар ҳокимлиги олдига қўйишни режалаштирганини билдирди.
Шуни айтиш керакки, Воҳидхон Ғаппоров Наманган шаҳридагина эмас, балки вилоятда ҳам кўзга кўринган тадбиркорлардан. У таъсисчи бўлган масъулияти чекланган жамият ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида фаол қатнашиб келади.
– Маҳалла аҳолиси билан мулоқотларда вилоят партия кенгашининг вакиллари ҳам иштирок этдилар, - деди у - Биз улар билан масалани ҳал этиш йўллари ҳақида маслаҳатлашдик. Депутат халқ билан давлат ўртасидаги кўприк вазифасини бажариши лозим экан, бу йўлда ҳамма ишни қиламиз.
Мазкур материалга нуқта қўйишдан аввал “Байналмилал” МФЙ билан телефон орқали боғландик. Йиғин раиси Ҳамрохон Йўлдошеванинг маълум қилишича, маҳаллага вилоят автомобиль йўллари бошқармасининг лойиҳачилар гуруҳи ходимлари етиб келишибди. Улар бир неча кун давомида ҳолатни ўрганиб, кўчаларга асфальт ётқазиш бўйича қилинадиган ишлар режасини тузадилар. Мана шунинг ўзиёқ аҳоли кайфиятини кўтариб юборибди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг