Янгиликлар 1052
Депутат аралашуви билан фуқаролар муаммоларидан халос бўлмоқда
Урганч шаҳар Кенгаши депутати Равшанбек Жуманиёзов ёш депутатлардан бўлсада, сайловчилари олдидаги бурч ва вазифасини сидқидилдан адо этиш орқали жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Фикрларимиз исботини куни кеча “Юқори боғ” маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган депутат учрашувида Р.Жуманиёзов кўмаги билан мурожаатчилар муаммолардан холос бўлгани тўғрисидаги дил изҳорларидан ҳам кўрса бўлади.
Учрашувларнинг бирида Мардона Атажонова тиббий кўрик хулосаларига кўра оёғида жарроҳлик амалиётини ўтказиш кераклиги, аммо моддий томондан қурби етмаётгани тўғрисида баён этган эди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан шаҳар ҳокимлиги жалб қилган ҳолда 28 млн сўм миқдорида маблағ йиғилиб, беморнинг оёғи операция қилинди ва Америка давлатида ишлаб чиқилган протез қўйилди.
Мардона Атажонова, мурожаатчи:
-Бахтли ҳаёт кечириш учун саломатлигинг энг муҳим эканини дардга чалингандан сўнг қадрига етдим. Депутат Р.Жуманиёзов билдирган эътибор, эъзоз ҳамда эътибори билан муаммоларимдан халос бўлдим. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Протез оёқ билан тўла соғлом бўлмасамда, аҳволим яхшилигидан гўзал ҳаёт завқини ҳис қила бошладим. Соғлигим ҳақида қайғурган депутат ва шифокорларга миннатдорлик билдираман.
Депутат аралашуви билан маҳаллада яшовчи, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 11 нафар аёлга белгиланган миқдорда, жами 65 млн сўмлик маблағ шаҳар Кенгаши сессиясида кўрилиб, шаҳар ҳокимлигининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш қошидаги саховат ва кўмак жамғармаси хисобидан мурожаатчиларга тақдим этилди.
Шунингддек, депутат томонидан “Юқори боғ” маҳалласида олиб борилган ўрганишларга кўра, маҳалланинг ички йўлларининг 2,6 км гача бўлган масофани асфалът қилиш, 2 та пиёдалар йўлакчасини белгилаш, 12 та кўчага 35 дона тунги чироқлар ўрнатиш, маҳаллада жойлашган Самарқанд кўчасидаги яроқсиз ҳолга келган 300 м сув қувурларини янгилаш, “Хавфсиз маҳалла” дастури доирасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида маҳалланинг 12 та кўчасига видеокузатув камераларини ўрнатиш ва профиликтика инспектори хонасига улаш масаласи 2022-2023 йиллар Давлат Дастурига киритилди.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи захкашни тўла бетонлаштириш масаласи эса тегишли ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўровлари орқали эътиборга олиниб, 2022 йилнинг 2-3 чоракларида амалга ошириш режалаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, депутат Равшанбек Жуманиёзовнинг бу каби саъй-ҳаракатлари, фуқароларимизнинг йиллар бўйи ўйлантириб келаётган муаммоларидан холос этиши баробарида юртимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг