Янгиликлар 1425
Депутат аралашуви билан тадбиркор солиқчи “чангалидан” қутилди
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимованинг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа ва Беруний туманларидаги сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Юзма-юз мулоқотлар давомида сайловчиларни қийнаб келаётган газ, электр таъминоти, ичимлик суви каби муаммолар билан биргаликда аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда бир қатор бюрократик тўсиқларга дуч келаётган тадбиркорларнинг ҳам муаммолари ҳал этилмоқда.
Жумладан, Беруний туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Алишер Матякубовдан солиқ органи ходими қарздорлигини ёпиб бериш учун 2 миллион сўм пул маблағини олиб, орадан айтилган муддат ўтишига қарамасдан тадбиркорнинг қарздорлиги ёпилмайди. Қарздорлигини ёпиш учун солиқ органи ходимидан пулини сўраб борганда эса, уни тухмат қилишда айблаб судга беради. Натижада тадбиркор 2 миллион пул маблағидан айрилгани етмагандек, Тўрткўл туман маъмурий суди томонидан 2 миллион сўм жаримага ҳам тортилади.
Депутат Зухра Ибрагимова билан бўлиб ўтган учрашув жараёнида тадбиркор юқоридаги ҳолат бўйича адолат қарор топишида ёрдам беришини сўраб депутатга мурожаат қилди.
Тадбиркор томонидан билдирилган мурожаат ижобий ҳал этилиб, Алишер Матякубов фойдасига Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий ишлар бўйича апелляция суди ҳукм қарори чиқарилди.
Шунингдек, депутат З.Ибрагимова томонидан тадбиркорга 30 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун туман ҳудудидан ер ажратиб бериш масаласида ҳамда банкдан 2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағларини ажратишда ҳам амалий ёрдам кўрсатилди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
“Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
фракцияси ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг