Депутат эътирози: Аҳолининг газ ва кўмирга эҳтиёжлари етарли даражада қамраб олинмаган

21.12.2020 18:12:26

 

Қишнинг қировли кунларида ҳар бир хонадонда ҳароратнинг илиқлиги ёшу катталар учун бирдек зарурдир. Айнан кўмир заҳирасининг етарли миқдорда ташкил этилганлиги, табиий газнинг таъминоти уларнинг мушкулини осон қилибгина қолмай, оилалардаги фаровонликка хизмат қилади. Бағдод туманида аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларидан келиб чиқиб  кўмирга талабни шакллантириш, ҳудудий газ таъминоти корхонаси томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газни белгиланган чора-тадбирларга асосан етказиб берилиши  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева томонидан ўрганилди.

Туман газ бўлими, туман кўмир омбори вакиллари билан учрашиб,   фаолияти таҳлил этилди. Бугунги кунда Бағдод туманида 3886 та хонадонларда газ таъминоти мавжуд. “Ҳудудгазтаъминот” Фарғона филиали туман бўлими бош муҳандиси Раҳматилло Қосимовнинг берган маълумотига кўра, ўтган йилда бу кўрсаткич 3758 тани ташкил этган. Аммо рақамлар ўсишидаги фарқ чекка қишлоқларга табиий газ етказиб бериш ҳисобига эмас, балки  янги қурилаётган кўп қаватли хонадонлар миқдори билан боғлиқдир. Афсуски туманда 38 мингдан зиёд хонадонларга табиий газ етиб бормаган. Бу эса ўз навбатида электр энергиясига бўлган талабни ошириб  юборади. Мазкур ҳолатда электр таъминотидаги узилишларга ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди.

Депутат мазкур масалага газ идораси вакили эътиборини қаратиб, берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда абонентлар сонини ошириб, чекка қишлоқлардаги хонадонларни газлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, туман кўмир омбори мудири Ёрқинжон Содиқовга ҳам ўз эътирозини билдирди.

–Туман  аҳолисига  қиш мавсуми учун 8 минг тонна кўмир ажратилган экан,  – деди депутат.  – Ҳисоб қилинганида киши бошига 25-30 кг.дан тўғри келади. Совуқ кунлар учун бу жуда ҳам оз, албатта. Бугунги кун ҳолати, пандемия туфайли аҳолининг бозор нархида кўмир  сотиб олишга имконияти етарли эмас. Нима учун мавсумга тайёргарлик жараёнида туман аҳолисининг реал эҳтиёжлари инобатга олинмаган?

Кўмир омбори мудири камчиликлар мавжудлиги, эътиборли бўлиши ҳозирда кўмир туман омборининг ўзига эмас балки қўшни Учкўприк туманининг Қақир омборига тўкилаётганлиги, масофа олислиги етказиб беришда қийинчиликларни юзага келтираётганлигини айтиб, кўмак беришларини сўради. Депутат масалани тегишли ташкилотларга етказиши ва назоратга олишини билдирди.

Шунингдек,  депутат ижтимоий соҳа объектларининг  шароити билан танишиш мақсадида имконияти чекланган болалар ёрдамчи мактаб интернатида бўлди.  Мактаб  интернатига  туман ҳокими Алибек Турсунов томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 16 дона замонавий компьютер воситалари тақдим этилган.  Бугунги кунда  бу ерда енгил, ўрта ва оғир даражадаги 240 нафар болалар таълим олишмоқда. Депутат 4-синф ўқувчилари билан мулоқот қилиб, уларнинг келгусида қандай касб эгаси бўлишликлари билан қизиқди. Улар билан самимий суҳбатлашди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбектелеком Фарғона филиали Бағдод телекоммуникациялар боғланмаси қошида очилган IT-маркази очилишида иштирок этди.  Марказ 23 та замонавий компьютер ҳамда зарур техник  воситалари билан таъминланган. Ўқувчиларнинг  ахборот коммуникация технологиялари борасидаги билимларини юксалтириш, турли соҳа вакилларининг саводхонлигини оширишга хизмат қилади. Роботехника хонасида ўқувчилар инновацион ғоялари устида ишлайдилар.  19 яшар Воҳиджон Мамасолиев ҳам мобиль алоқа воситаси орқали бошқариладиган машина яратиш устида изланишлар олиб боришини айтиб ўтди.  

Туманнинг Гулистон массивида қурилаётган замонавий кўп қаватли уйларни эгаларига топшириш тадбирида ҳам депутат мамлакатимизда  олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқароларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритиб, барчани кириб келаётган янги йил  байрами билан қутлади.

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+