Депутат: Ҳамон кўрсатма ва таклиф кутиб ишлаётган раҳбарлар кимга керак?

28.02.2020 17:02:45

Жорий йилнинг 4 февраль куни партиянинг Арнасой туман Кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан биргаликда тумандаги “Бобур” МФЙдаги Ўрикли, Бобур ҳамда Келдиёр Бозоров кўчаларида сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлдик. Мулоқотлар жараёнида сайловчилар томонидан ичимлик суви, электр энергияси ва ички йўллардаги муаммолар юзасидан бир қатор мурожаатлар билдирилди. Билдирилган мурожаатлар ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб 7 февраль куни тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди.

Сайловчилар томонидан кўтарилган муаммоларнинг кўпчилиги туман даражасида ҳал бўладиган, шунчаки йиллар давомида мутасадди раҳбарларнинг эътиборсизлиги натижасида келиб чиққан муаммолар эди. Биргина Ўрикли кўчаси аҳолисини Арнасой-Дўстлик йўналишидаги марказлашган тоза ичимлик сув қувурига улаш масаласи Жиззах вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан тўлақонли молиялаштирилмаганлиги боис тўхтаб қолган муаммо эди. Эътиборли жиҳати, айнан вилоят даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масала Арнасой туман “Сувоқова” филиали жамоасининг ташаббуси ва депутатлик сўровига бўлган масъулияти туфайли ҳал этилиб, Ўрикли кўчаси аҳолисини тоза ичимлик суви тизимига улаш ишлари бошлаб юборилди.

Қолган ташкилотлардан эса қилинган депутатлик сўровларига на оғзаки, на ёзма шаклдаги жавоб хатлари ҳам келди. Шундан кейин “бемалолхўжа” мутасадди раҳбарларга депуталик сўрови — бу халқ сўров эканлигини ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибга амал қилишларини сўраб огоҳлантириш хатлари юборилди.

Аммо йиллар давомида ўз кабинетида ўтириб эскича ишлаш тизимига одатланиб қолган раҳбарлар гўёки депутат ўз шахсий манфаати учун улардан иш сўраётганидек, ўз вазифаларини бажариш учун тўсиқ бўлиб турган айрим муаммоларини сабаб қилиб жавоб хати юборишган.

Жумладан, туман Авто йўл бошқармаси томонидан маҳалланинг ички йўллари масаласида қилган мурожаатимизга йўлланган оғзаки ва ёзма жавоб хатида ички йўллар туман “Ободонлаштириш” бошқармасига қарашли эканлиги, қачонки “Ободонлаштириш” бошқармаси туман Авто йўлга смета қилиб Ўрикли кўчасини ҳам киритиб берса кейин таъмирлашини билдирган. Масаланинг энг қизиқ тарафи шундаки, туман “Ободонлаштириш” бошқармсига депутатлик сўрови чиқарилганда ташкилот масъуллари томонидан “туман ҳокимиятига мурожаат қилишингиз керак” дея жавоб ёзилиб депутатлик сўрови қабул қилинмаган.

Биз депутатларнинг асосий вазифамиз сайловчилар муаммоларини ўрганиш ва қонунчилигимизда белгиланган тегишли тартибда ҳал этишдир. Бугунги ислоҳотлардан келиб чиқиб депутатлар зиммасига яна бир масъулиятли вазифа тушмоқда. Яъни, тумандаги айрим бугунги ислоҳотлардан бехабар раҳбарларнинг сиёсий фаолигини ошириш масаласи. Давлатимиз раҳбари “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак” деган шиорни илгари суриб халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун туну-кун меҳнат қилаётган бир вақтда айрим ташкилот раҳбарларининг ўз вазифаларини қайсидир ташкилотлар зимасига юклаш билан оввора бўлиши мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Юқоридаги каби холат туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан йўлланган жавоб хатида (жавоб хатига 20 февраль санаси қўйилган, аслида эса, жавоб хати 24 февраль куни юборилган огоҳлантириш хатидан кейин 25 февраль куни тақдим этилган) ҳам келтирилган бу ташкилот ҳам ички йўллардаги симёғочлар ва ички йўлларни ёритиш билан боғлиқ масалаларни “Ободонлаштириш” ташкилоти билан ҳал қилиб олишимизни маълум қилган. Шу ўринда бир савол туғилади. Қайсидир депутат ёки мурожаат қилган сайловчини сарсон қилмасдан шу икки ташкилот қилинган мурожаатлар юзасидан ўзаро келишиб масалани ижобий ҳал қилса бўлмасмиди? Ахир барчамизнинг бирдан бир мақсадимиз халқимизни рози қилиш эмасми? Қачонгача фуқаролар ташкилотлар ўртасида “копток” бўлади?

Эътиборли жиҳати биз йўллаган депутатлик сўровига юборилган огоҳлантириш хатидан кейин улар қонуний тартибда сўровларни тегишли ташкилотларга йўллашимизни сўрашгану, аммо ўзлари белгиланган муддат - 17 февралгача депутатлик сўровига жавоб бермаганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддасида белгиланган тартибда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима тўлашлари лозимлигини унутиб қўйишган кўринади.

Мавзуга ҳали қайтамиз...

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+