Янгиликлар 918
Депутат кўмаги билан бемор кўп йиллик дардан халос бўлди
Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутати Мақсуд Эшниязовни доим сайловчилари орасида кўриш мумкин. Унинг кўмаги билан фуқароларни қийнаб келаётган кўп йиллик муаммолар ўз ечимини топаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Учрашувларнинг бирида “Н.Қубро” маҳалласида яшовчи Каромат Рўзметова 1997 йилда туғилган ўғли Ҳасанбой Машарипов бир неча йилдан буён сон суяги бошчаси ассептик некрози касаллиги билан қийналиб келаётгани, операция қилиш учун эса маблағи йўқлиги тўғрисидаги мурожаати депутатнинг диққат марказидан жой олди. Масала тегишли мутахассислар билан биргаликда ўрганилди ва операция учун 27 миллион сўм миқдорида маблағ сарф бўлиши аниқланди. Депутатнинг маблағ юзасидан туман ҳокимлигига қилган мурожаати бесамар қолмади, жорий йилнинг 6 октябрь куни Хива туман тиббиёт бирлашмасида бемор Ҳ.Машарипов жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиқди.
Каромат Рўзметова, мурожаатчи:
-Инсон саломатлигига ҳеч нарсани тенглаб бўлмаслигини ўғлим бетоб бўлиб қолганида чуқурроқ англаб етдим. Фарзандингни йиллар бўйи дарддан қийналаётганини кўришдан ортиқ азоб бўлмаса керак. Депутат Мақсудбек Эшниязов дардимизга малҳам бўлди. Кўп йиллардан сўнг фарзандимнинг юзида табассумни кўришдек бахтга эришдим. Депутатимиз ва шифокорлардан миннатдорман.
Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўғилжон она Нуниязова иккала оёғида “артроз” касаллиги билан оғриниб келаётгани боис юришда қийинчиликлар бўлаётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам қанотлантирилди ва онахон тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда бепул қўлтиқтаёқ билан таъминланди.
Шунингдек, мазкур оиланинг 2 ёшли фарзанди Жаҳонгир Ўткиров “бўри танглай” касаллик билан туғилгани тўғрисидаги мурожаат ҳам эътиборсиз қолмади.
Депутат бу масалани ҳам мутахассилар билан атрофлича ўрганиб, болажон 3 ёшга тўлганида жарроҳлик амалиёти ўтказиш режалаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, депутатимизнинг бу каби саховат амаллари юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Шукурой МАДАМИНОВА, “Адолат” СДП
Хива туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг