Янгиликлар 1290
ДЕПУТАТ МАҲАЛЛА МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНДИ
“Атанган гузар” Наманган шаҳрининг марказдан олисдаги маҳаллалардан бири. У Янгиқўрғон тумани ҳудуди билан чегарадош. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов бу галги учрашувларни шу ердан бошлади.
Дастлаб маҳалла фаоллари билан мулоқот ўтказилди. Унда парламент аъзоси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар ҳақида сўз юритди. Қонунчилик палатаси депутатлари ишлаб чиқаётган лойиҳалар, амалга оширилаётган назорат фаолияти ҳам диққат марказида турди.
- Сайловчилар билан учрашув ниҳоятда қизиқарли ва савол-жавобларга бой бўлди, - дейди “Атанган гузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Мамажонов. – Фаолларимиз айниқса, юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватладилар. Давлатимиз раҳбарининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган ташаббусларининг катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга мазкур соҳада анчагина камчиликлар ва муаммолар борлиги очиқ-ойдин айтилди.
Маҳалла фаоллари шу ҳудуддаги 7-оила поликникаси фаолияти талабга жавоб бермаслигини айтдилар. Парламнтдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Д.Исмоилов МФЙ раиси ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ушбу тиббиёт масканини кўздан кечирди. Улар чиндан ҳам филиал биноси эскириб, авария ҳолатига келганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Бу ердаги моддий-техник негиз ҳам замонавий даражадан ортда. Филиал мудири Гулнора Маҳмудова ушбу муаммолар юзасидан юқори ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилганлигини билдирди. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижа чиққани йўқ. Оқибатда аҳоли даволаниш учун шаҳар марказидаги муассасаларга қатнашга мажбур бўлмоқда.
Депутат ўзининг ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаровга поликлиника филиалидаги ҳолат бўйича маълумотнома тайёрлашни топширди. Шу асосда сўровнома тайёрланади ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига киритилади.
Парламент аъзоси яна бир қатор маҳаллаларда, ташкилот ва муассасаларда ҳам сайловчилар билан учрашди.
Мулоқотларда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова иштирок этди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши
матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг