Янгиликлар 1744
Депутат муаммолар ечилмагунча тиним билмайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Холбоева ўз сайловчилари билан учрашди.
Депутат Янгийўл туманининг “Баҳор”, “Нов”, “Ўзбекистон”, “Кескан” маҳалла ҳудудларида “Обод қишлоқ", “Обод маҳалла" дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди ва аҳоли муаммоларини эшитди.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича “Баҳор” маҳалласига қарашли 1,2,3-уйлар “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси томонидан бир йил олдин курилиб, фойдаланишга топширилган. Бироқ, уйларнинг иситиш тизимлари талаб даражасида эмас, канализация яроқсиз, 4-қаватга сув чиқмайди, чиқинди контейнерлари ачинарли ҳолатда. Мазкур тўрт қаватли уйни олдидаги болалар майдончаси ёнидаги мавжуд трансформатор-электр шити атрофи ўралмаган, электр симёғочлар ўрнатилмаган, кўчалар қоронғу, видеокамералар мавжуд эмаслиги аниқланди. Маҳалла аҳли депутат Д.Холбоевадан ушбу масалани ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам сўради.
Депутат ушбу муаммо юзасидан туман ҳокимилиги мутассади вакиллари билан учрашиб, масалани жойида ҳал этди.
Халқ вакили таълим масканларидаги замонавий шарт-шароитлар, соҳада учраётган муаммолар билан яқиндан танишиш мақсадида “Нов”маҳалласидаги 35-умумтаълим мактабида бўлди. 370 ўринга мўлжалланган мактабда ҳозирда 575 нафар ўқувчи таълим олаётганлиги, синф хоналарининг етишмаслиги ҳамда электр симёғочларни яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабаб, бир қанча ноқулайликлар мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари ҳудудда мактабгача таълим муассасаси етишмаслиги маълум бўлди. Педагоглар жамоаси таълим муассасаси учун қўшимча бино зарурлиги юзасидан амалий ёрдам сўрашди. Халқ вакили ушбу муҳим масаланинг ечимини таъминлаш мақсадида тегишли идоралар билан бамаслаҳат ҳал қилишга ваъда берди.
“Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларга кўрсатилаётган эътибор ҳамда қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги ишчи гуруҳни қувонтирди.
Шунингдек, депутат “Регистон” МФЙ раиси Р. Умарқулов билан учрашди. Р.Умарқулов депутатдан ташландиқ ҳолатда ётган шифохона биносини давлат хусусий шерикчилик асосида болалар боғчаси сифатида очишда муаммоларга дуч келаётганини айтиб, амалий ёрдам сўради.
Д.Холбоева мазкур масалани тегишли мутасаддилар билан ҳал этишни ўз зиммасига олди.
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва ишчи гуруҳи билан мулоқот менга манзур бўлди, - дейди “Нов” маҳалла раиси Бахринисо Қобилова. - Аҳолимиз муаммоларини чуқур таҳлил қилиб, унинг тез кунлар ичида бартараф этилиши юзасидан ўз фикрларини бериб ўтдилар.
Юзма-юз мулоқотлар давомида халқ вакили аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг мурожаат ва таклифларини доимий нозоратга олиш мақсадида ўзининг телефон рақамини маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг кириш қисмига илиб қўйганини айтди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг