Депутат ўз сайловчилари билан учрашди

02.04.2021 10:04:43

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш ва уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний тумани ҳудудидаги сайловчилари билан ҳам учрашди.

Депутат дастлаб, Беруний тумани Ёшлар маркази биносида барча маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчилари билан учрашди ва учрашувда тумандаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш,  доимий ишга жойлаштириш ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали бандлигини таъминлаб, даромад манбаини яратиш орқали “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги масала кўтарилди. Депутатга мурожаат билан келган аёллар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларга маълумотлар берилди.

 

Шундан сўнг, депутат Беруний туманидаги жами 8та маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, сайловчилари билан учрашувлар ўтказиб уларнинг муаммоларини тинглади.

Аҳоли муаммоларини ўрганиш давомида шу ҳудудда яшовчи фуқаролар томонидан янги умумтаълим мактаби биносини қуриш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик сув ва электр энергияси таъминотини яхшилаш каби бир қатор муаммо ва таклифлар билдирилди.

Жумладан, коммунал соҳасидаги муаммоларга тўхталадиган бўлсак, “Бўстон” маҳалласи идорасидан 6 км узоқлиқда жойлашган “Ёшлик” аҳоли манзилида 400 дан ортиқ ер участкалари “Ким-ошди” савдоси орқали берилган.  Ҳозирги кунда ушбу ер участкаларига фуқаролар томонидан турар жойлар қурилган ва қурилмоқда. Лекин, турар жойларга борувчи йўл, электр энергия ва ичимлик сув тармоқлари шу кунга қадар тўлиқ ўз ечимини топмаган. “Ёшлик” аҳоли манзилида ҳозирги кунда 1491нафар аҳоли бўлиб, 1995 йилда 187 та хонадонларга табиий газ қувурлари тортилиб, аҳоли 2011 йилнинг декабрь ойигача фойдаланган. 2012 йил январь ойидан буён бу аҳоли манзили табиий газ танқис худуд бўлганлиги сабабли, табиий газ тармоғидан ажратилиб, маиший газ балонлари билан таъминланган.

Бундан ташқари, ушбу «Ёшлик» аҳоли манзилида 320 нафар ўқувчи
8-сонли умумтаълим мактабига 6 км масофани босиб ўтиб таълим олиб келмоқда. Қишнинг совуқ кунларида ўқувчилар қатнаши муаммо бўлиб келмоқда. 8-сонли умумтаълим мактаби 330 ўринга мўлжалланган ва ҳозирги кунда 785 нафар ўкувчи 2,4 коэффицентда таълим олиб келмоқда. Аёллар гинекология кўригидан ўтиш ва даволаниш учун кўпчилиги Хоразм вилоятига бориб даволаниб қайтишмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш бўйича камида 30 ўринлик Гинекология бўлимини очиш тўғрисидаги таклифлар билдирилди.

Шу каби мурожаатларни бартараф этиш юзасидан депутат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига, Беруний тумани ҳокими ўринбосари М.Қурбанбоева ва тегишли ташкилот раҳбарларига таклифлар берди.

Учрашув давомида депутат сайловчиларига бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг самараси ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Аҳолининг мурожаатларини ўрганиш билан бир қаторда, ногиронлиги бўлган оила аъзоларининг хонадонларига ҳам бориб, ҳолидан хабар олди.

 

Сардор АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Беруний тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+