Янгиликлар 1238
Депутат «снос»нинг қонунийлигини аниқлади
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор туман Қорасарой даҳасида қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази атрофида жойлашган 3 та хонадон шаҳар ҳокимлиги томонидан асоссиз бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабар юзасидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Луиза Ҳикматова Олмазор туман ҳокимияти билан боғланиб, масалага ойдинлик киритди.
Ҳокимлик мутасаддиларининг маълумот тақдим этишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тегишли қарори ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 30 июндаги ва 2019 йил 27 майдаги тегишли қарорларига кўра, Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-хонадон Ўзбекистон Республикаси «Ислом Цивилизация Маркази» қурилиши муносабати билан бузилиш ҳудудига тушган.
Юқоридаги қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимининг 2017 йил 5 июндаги ва 2019 йил 29 майдаги тегишли қарорлари қабул қилинган.
Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокими томонидан 2017 йил 18 сентябрь куни Олмазор тумани Зарқайнар кўчаси бўйлаб бузилишга тушган уй-жойлардаги оилалар рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, юқоридаги манзилда фуқаро Арипова Озода, унинг 6 та фарзанди ҳамда 14 та набиралари рўйхатга олинган. Лекин, низоли хонадонда фақатгина Озода Арипова ва унинг Насиба ва Нигора исмли фарзандлари яшаб келганлар. Фуқаро Озода Арипованинг қолган фарзандлари ушбу хонадонда юқоридаги қарор қабул қилинган даврда яшамаганликлари аниқланган. Муқаддам мазкур хонадон Тошкент шаҳар С.Рахимов туман ҳокимининг 2005 йил 23 июндаги тегишли қарорига асосан марҳум Арипов Убайдуллага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган.
Юқоридаги қарорлар асосида ҳудудда бузилиш ишлари олиб борилаётган бир даврда фуқаро О.Арипова мерос бўлган ҳуқуқни қонунда белгиланган тартибда расмийлаштириб олган. Шу сабабли хонадон 2020 йил 10 июндаги тегишли Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳномасига асосан фуқаро Арипова Озода, Арипов Ҳусан Забихиллаевич, Умарова Наргиза Забиҳуллаевна, Арипова Фотима Забиҳуллаевна, Артикова Зиёда Забиҳуллаевна, Умарова Нафиса Забиҳуллаевна, Арипова Насиба Забиҳуллаевна, Алимова Нигора Забиҳуллаевналарга тегишли ҳисобланади. Хонадоннинг юридик ҳужжати бўйича ер майдони 3 сотихни ташкил этган. Олмазор туман ҳокимлиги ва юқоридаги қарорларни ижросини таъминлашга кўмаклашувчи бошқа тегишли ташкилот вакиллари ҳудудда уй-жойлари бузилиш ҳудудида жойлашган хонадон мулкдорлари ва уларда яшовчи фуқаролар билан кўплаб тушунтириш ишларини олиб бордилар. Айнан низоли хонадонда яшовчи фуқаро Озода Арипова билан 4 йилдан бери тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларга бир қатор таклифлар берилган.
Фуқаро О.Ариповага 2019 йил даврида уй-жойлари бузилиши эвазига ўзини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар Шайҳонтохур тумани Термиз тор кўчасида янги қурилган кўп қаватли 1 ва 2 уйлардан 1 хонали ва ўғлини инобатга олган ҳолда 2 хонали хонадонлар таклиф этилган.
Бироқ, фуқаро О.Арипова бу таклифларни рад этиб, барча фарзандларини уй-жой билан таъминлашни сўраб келди. Талаблардан келиб чиқиб, фуқаро О.Арипованинг 3 нафар фарзандига кафолат хати асосида уйлар ажратилган. Лекин, фуқаро О.Арипова билан бир неча бор ўтказилган суҳбатларда қолган барча фарзандларини ҳам уй-жой билан таъминлашни, 3 сотих ерига 400.000$ АҚШ доллари берилишини талаб қилиб келган.
Фуқаро О.Арипованинг бундай талабини қаноатлантиришни имконияти мавжуд эмас. Чунки, бу ҳудудда мавжуд уй-жойлари бузилишга тушган хонадон мулкдори ва унда яшовчи фуқароларнигина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги тегишли қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилган.
Натижада низоли хонадонда яшовчилар билан ижобий келишувга эришилмагани боис, туман ҳокимлиги томонидан юқорида кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судига 2022 йил 5 январь куни жавобгарларга нисбатан Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-хонадондан Олмазор тумани Ёғду кўчасида жойлашган янги қурилган 6-сонли кўп қаватли уйдан 2 та белгиланган хонадонга мажбурий кўчириш ҳақида даъво ариза киритилган.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг