Янгиликлар 1535
Депутат таклифи: Ичкиликбозликка қарши курашишда янги ёндошув зарур
Бу иллатнинг ижтимоий-хавфлилик даражаси гиёҳвандларникига қараганда анча юқори бўлса борки, асло кам эмас. Чунки гиёҳванд моддалар билан муомала қилувчилар қилмишини пинхон тутса, ароқхўрники ошкора. Уйидан кўчага чиқсаёқ улфатини топади. Маҳаллаларда спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдоси билан машғул дўконлар расмий-норасмий чойхоналар ҳар қадамда бор. Улар туну кун ишлайди. Ароқхўрлар учун маҳаллаларда ҳамма шароит яратилган.
Кузатишимизга қараганда яратилган бундай шароитлар натижасида ҳар бир маҳалла ҳудудида ичувчилар сони кўпайиб бормоқда. Тамомила ўзлигини, ор-номусини йўқотган ароқхўрлар туну кун маҳалла фуқаролар йиғини фаолларига, ИИБ ходимларига тинчлик бермай, хавотирга солиб, кўрилган профилактик чоралар таъсир этмайдиган даражага ҳам етиб қолмоқдалар.
Гувоҳи бўлаяпмиз, ундайларнинг ичмаган куни йўқ, оиласи нотинч. Бозорда бирини икки қиламан деб, тинмай тер тўкиб меҳнат қилиб, хориб, чарчаб уйга қайтган турмуш ўртоғидан сурбетларча ўша номинг ўчкурига пул сўрайди, бермаса аёлини дўппослайди, уйда идиш-товоқ, дераза ойналарини чилпарчин қилади. Хаттоки ота-онасини ранжитишдек пасткашликкача боради. Болалари юрак ховучлаб, қўрқувда улғаяди. Баъзи ҳолларда маҳалла фаоллари аралашуви ҳам уни тўхтатолмайди. Кўриладиган сўнгги чора уни ички ишлар идоралари ходимларига топшириш қолади холос. Топширилгач, навбатчилик қисмида маълум вақт сақлаб турилади, ўзига келгач эса иложсиз қўйиб юборилади. Нари бўлса маъмурий иш қўзғаб иши судга оширилади. Жабрдийда аёли эса суд олдида қўй оғзидан чўп олмагандек юввош турган эрига қарайди, болаларини ўйлаб “даъвойим йўқ” дейишга мажбур... Ароқхўрни жаримага тортса яна шу оилага қийин бўлишини ўйлаб судья унга дакки беради, насиҳат қилади, бошқа ичмаслик ҳақидаги ваъдасини олади. Шу билан иш ёпилади. Баъзи ҳолларда унга ўн беш сутка қўлланилиб, панжара ортига олиб кирилган тақдирда ҳам жазо муддати тугагандан сўнг “Судга бергандинг, қўлингдан нима келди?” қабилида иш кўришда давом этади. Ундайлар учун ор-номус, андиша дегани бегона.
Куни кеча бўлиб ўтган Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашининг 29-сессиясида ҳам депутатлар томонидан ичкиликка ружу қўйганларга қарши курашиш масаласи кўтарилди. Кенгашга ҳисобот берган туман суди раиси ўринбосари сурункали ичувчини бирон бир яқин одами ариза берсагина уни мажбурий даволаш муассасасига юборилишини таъкидлади. Лекин ҳозир у ерда жой масаласи муаммо. Суд қарори билан ароқхўрни олиб борган ички ишлар ходими ҳафталаб жой бўшашини кутаяпти.
Туман марказий поликлиниикасида ўтган йили ноябрь ойи ҳолатига 150 нафар сурункали ичувчи бемор сифатида рўйҳатга олинган. Лекин рўйҳатга олинганларни соғломлаштирилиб, ҳаётга қайтариш учун шифокорлар, ИИБ профилактик чоралар кўрилаётгани ҳақида ҳисобот берилмайди, ҳеч қандай маълумот тарқатилмайди. Жамиятимизда ичкиликбозликка қарши курашишда қандайдир бир бўшлиқ пайдо бўлган.
Вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 25 январдаги 11-сонли фармойишига асосан туман ҳудудида 1 февралдан 1 мартгача ёшлар орасида гиёҳванд воситаларни тарқалишига қарши курашииш тезкор профилактик тадбир ўтказилиши маълум қилинганлигини маҳаллий матбуотдан билдик. Бундай тадбирни ўтказилиши фойдадан ҳоли эмас. Лекин бу тадбирга спиртли ичимликларни ноқонуний савдосига қарши курашиш, ароқхўрларни аниқлаш, профилактик рўйхатга олиш ва даволаб соғлом ҳаётга қайтариш тадбирлари ва бундай ҳайрли ишлар маҳаллий ҳокимият, депутатлар етакчилигида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ҳар чоракда камида бир марта тизимли равишда ўтказиб борилганда жамиятни нафақат ароқхўрлардан, бошқа иллатлардан ҳам тозалаган бўлардик.
Ичкиликбозликка қарши курашишда тарихда ИИБ қошида ташкил этилган хушёрхоналар жамиятни нопок кимсалардан тозалашда муҳим аҳамият касб этган. Бу масканга олиб келинган ароқхўр то ўзига келгунча ўзгалар учун хавф туғдирмайдиган шароитда сақланган. Ундан жой ҳаққи ундирилган, ишлаш, яшаш жойига муҳокама қилиш учун тақдимномалар юборилган. Бир сўз билан айтганда, кайфу сафо қилиб олиб, ўзини шер билган ароқхўр бир зумда жиловланиб, хушёрхонага ётқизилиб, содир этиши мумкин бўлган турли нохуш ҳолатларнинг олди олинган.
Таклифимиз, туман, шаҳар ИИБлари қошида хушёрхоналар ташкил этилса ҳам фойдадан ҳоли бўлмасди, соғлом маънавий муҳитда яшаётган оилалар сони янада ортарди.
Назиржон ИСАҚОВ,
Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг