Янгиликлар 2109
Депутат ваколати – ишонч ва масъулият демак
Депутат ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида ташриф буюрар экан, аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиш унинг асосий вазифаси сифатида тилга олинади.
Депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Негаки, унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаатлари туради. Қолаверса, бу тизим одамларнинг партияга ишончини оширишга хизмат қилади.
Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида муаммолар юзасидан ташкилотга йўлланган депутатлик сўровига ташкилот раҳбари ўн кун муддат ичида ахборот тақдим этиши лозим.
Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгаши А.Қурбоновга “Наврўз” маҳалла ҳудудидаги Марказий Боймурадов кўчасида яшовчи аҳоли Маргуненко каналидан Алимкент ҚВПга ўтадиган йўлда ичимлик суви қувури ёрилиб кетиши оқибатида йўлга сув тошиб, ер сатхи чўкиб бораётганлиги, бу ҳолат йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги юзасидан мурожаат этишган.
Мазкур муаммо бўйича депутат жорий йилнинг 20 май ойида туман “Сувоқава” ДУК раҳбари У.Давидовга сўров билан мурожаат қилган эди. Унда юқорида номи келтирилган кўчада муаммолар қайд этилганди.
Оққўрғон туман “Сувоқава” ДУК мутасаддилари ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг моҳиятидан бехабар қолган чоғи, ўн кун, йигирма кун, хуллас, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтибди ҳамки, депутатнинг сўровига на жавоб йўллашган ва на ҳолатни бориб ўрганган.
Аҳволни қандай изоҳлаш мумкин?
Орадан шунча вақт ўтяптики, жавоб йўқ. Депутат – халқ вакили. У одамларни қийнаб келаётган муаммо ёки ечимини топмаётган масалани кўтариб чиқади. Бугун раҳбарлар масъулиятни ўн карра ошириб ишлаши кераклигини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Халққа кўмаклашиш депутат билан бирга ташкилот раҳбарларининг ҳам масъулияти экан, ҳар бир раҳбар-ходим масъулиятидан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб борса, муаммолар ечими ўз-ўзидан ҳал этилади-ку. Афсуски, депутатлик сўровларига айрим раҳбарларимизда ҳалиям муносабат ўзгармаган.
–Масала юзасидан тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаатлар билдирдик. Партия ходимлари, депутатлари ҳам келиб ўрганишди. Тақдим этилган мурожаатлар асосида ҳолатни ҳеч ким келиб ўрганмади, – дейди Набижон Шерғозиев.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун одамларнинг онги ўзгарган. Эндиликда аҳоли ўз муаммолари билан бир қаторда лоқайдлик, илдиз отаётган иллатлар, ривожланишга ғов бўлаётган ўзибўларчилик, сансоларликни касб қилиб олган айрим мутасаддилар тўғрисида очиқ-ойдин, ҳеч кимдан ҳадиксирамасдан гапирмоқдалар. Демак, раҳбарлар аҳоли томонидан бериладиган мурожаат бўладими, депутат сўрови бўладими, атрофлича жавоб беришга мажбурдирлар.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг