Янгиликлар 2320
Депутатлар бозордаги нархларни ўрганмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари сайловчилари билан учрашувлар ўтказгани жойларга ташриф буюрди.
57-Суғдиёна сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Компольщик Елена Александровна ҳам эрта тонгдан сайлов округида мавжуд ҳолатни ўрганиш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.
Дастлаб партиянинг вилоят Кенгашига ташриф буюрган депутат Елена Компольщик халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари, партия шаҳар Кенгаши ҳамроҳлигида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши котибиятида бўлиб, депутатлар фаолияти билан яқиндан танишди. Амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилиб, устувор вазифалар белгилиб олинди.
Айни пайтда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бошчилигидаги ишчи гуруҳ, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 16 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган йиғилишда байрамдан олдин маҳсулотлар нархини оширишга йўл қўймаслик, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, бозорда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Темир йўл озиқ-овқат маҳсулотлари бозорига ташриф буюрди.
Депутат бозорда озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ва сифатини кўздан кечирди. Сотувчи тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритиш зарурлигини, пандемия ҳали чекинмаганлигини таъкидлади. Аҳолини озиқ-овқат ҳамда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида Темир йўл деҳқон бозорида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида Темир йўл деҳқон бозори МЧЖ раҳбари Ғайрат Акобиров билан суҳбатлашди. Деҳқон бозорида “Даладан дастурхонгача” дастури доирасида ташкил этилган арзонлаштирилган ярмарка фаолияти билан яқиндан танишди. Харидорлар билан олиб борилган суҳбат асосида маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам ушбу ярмаркада арзонлаштирилган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган. 1 кг картошка бозорда 3600 сўмдан бошланса, ярмакада 3000 сўмдан сотилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Фикрингизни қолдиринг