Янгиликлар 1226
Депутатлар фаоллиги ошмоқда
“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида депутатлар фаоллигини ошириш диққат марказидаги масалалардан бири бўлиб турибди. Айниқса, сайловчилар билан ишлаш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар устувор қилиб белгиланганлиги яхши самара бермоқда. Уларнинг фаолиятини йўналтириб туриш, жойларда турли масалаларда ўрганишлар ташкил этишда маҳаллий партия кенгашларининг фаоллари сезиларли ёрдам кўрсатмоқдалар.
Бу борада поплик “адолат”чилардан ибрат олса арзийди Улар халқ депутатлари туман кенгашидаги партия гуруҳимизнинг барқарор ишлашини таъминлаб келмоқдалар. Икки йилга яқин муддатда бу ерда уч депутатимиз иш ва яшаш жойларини ўзгартиргани сабабли депутатлик мандатини топширдилар. Бироқ сафдошларимизнинг астойдил уринишлари туфайли оралиқ сайловларда учта депутатлик ўрнига эга бўлинди. Бу ҳам аслида “Адолат”га билдирилган ишонч сифатида баҳоланиши даркор. Чунки сайловчилар вакилларимизнинг зиммаларидаги масъулиятларини теран ҳис этиб ишлашларини биладилар.
Якунланаётган йил натижаларига назар солсак, бу фикрларнинг тўғрилиги яна бир бор аён бўлади.
Мафтуна Маматова тумандаги олис қишлоқлардан бирида 31-умумтаълим мактабига директор бўлиб ишлайди. Оралиқ сайловда ғолиб чиқиб, депутаилик мақомига эришганига бир йилдан ошди. Лекин қисқа муддатдаёқ сайловчилар ишончини қозона олди. Халқ деаутатлари кенгашида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Партия гуруҳи раислигига сайлангач, унинг фаолиятини самарадорлигини ҳам оширишга эришди. У сессияларга ва доимий комиссияларга масала киритишда ҳам ташаббускор. Аҳоли талаб-эҳтиёжлари асосида юборган депутатлик сўровлари ҳам ижобий ҳал этилмоқда.
Яқинда Мафтунанинг ташаббуси билан халқ депутатлари туман кенгаши сессияси муҳокамасига Попни озода ва саранжом-саришта ҳудудга айлантириш масаласи қўйилди. Бунда “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси асос қилиб олинди. Масалани ўрганишга депутатнинг ўзи бош бўлди. Туман партия кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов етакчилигидаги фаоллар ёрдам кўрсатишди. Дастлаб тайёрланган ахборот тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилди. Унда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида материалга яна сайқал берилди. Сўнгра сессия муҳокамасига киритилди. Туманда озодагарчилик ва атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар танқидий таҳлил этилганлиги барчага маъқул тушди. Қабул қилинган қарорда камчилик ва нуқсонлар батафсил қайд этилиб, уларни бартараф этиш йўллари белгилаб берилди. Ижрони депутатлик гуруҳининг аъзолари назорат қиладиган бўлдилар.
Шу ўринда поплик “адолат”чи депутатлар туман кенгаши сессиясига учта масала киритганликларини айтиб ўтиш лозим. Доимий комиссияларда эса улар тайёрлаган ўнта масала кўриб чиқилди. Депутатлик сўровларининг натижадорлиги ҳам кескин ошди. Дарвоқе, Мафтуна Маматова самарали фаолияти учун “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан йилнинг энг яхши депутати деб топилди.
Халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи ҳам якунланаётган йилда яхши ишлади. Сайловчиларнинг мурожаатлари асосида тайёрланган сўровлар миқдори анча кўпайди. Энг муҳими, мутасадди ташкилотлар олдига қўйилган масалалар қисқа муддатларда кўриб чиқилди ва ҳал этилди. Депутатларимиз ўрганган учта масала туман кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Бунда Феруза Абдуллаева, Сарвар Шокиров ва Муҳаррамхон Ибрагимова каби сафдошларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Аммо очиғни айтганда, ҳамма туманларда ҳам депутатлар ўз ваколатларидан етарли даражада фойдаланяптилар, деб бўлмайди. Масалан, Мингбулоқ ва Чортоқдаги партиямизнинг депутатлик гуруҳлари 2021 йилда кенгаш сессияларига атиги биттадан масала киритдилар, холос. Доимий комиссиялардаги иш самарадорлигини ҳам юфори деб бўлмайди. Ўйлаймизки, янги йилда улар ўз фаолиятларида ўзгариш ясайдилар.
Ноила САРИМСОҚОВА,
“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг