Янгиликлар 2111
Депутатлар фаоллиги сайловчилари манфаатларига хизмат қилмоқда
Партиянинг асосий вазифаларидан бири сайловчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлашдир. Ўзбекистон “Адолат” СДП Олтиариқ туман Кенгаши партия лойиҳалари доирасида сайловчилар билан тизимли мулоқот ўрнатиб, мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, улар бўйича депутатлик сўровлари юбормоқда. Қувонарлиси, самарали натижаларга ҳам эришиб келмоқда.
Партиянинг Олтиариқ тумани Кенгаши аъзолари сони 720 нафарни ташкил этади. Ҳар бир депутат имкон қадар ўзи сайланган округ ҳудудидаги ижтимоий муаммолар, ободонлаштириш ва ривожлантириш масалаларига ижобий ечим топилишида аҳолига кўмаклашиб келмоқда. Жумладан, Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши депутати Рафиқжон Мирзажоновга туманнинг “Янгиқўрғон” МФЙдаги икки кўчанинг маълум масофаси асфальт қилинишга муҳтожлиги юзасидан мурожаат келиб тушади. Гарчи давлат дастурига 180 метр қисми асфальт қилиниш киритилган бўлса-да, депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан Нурхон кўчасининг жами 600 метри, Янгичек кўчасининг эса 50 метр қисми равонлашди. Олтиариқ тумани Кенгаши депутати Комила Қодиралиева ҳам “Тинчлик” МФЙнинг Тинчлик кўчасида яшовчи аҳолини қийнаб келаётган сув масаласини ҳал этиб, уларнинг дуосини олди. 550 метр масофадан 18 та хонадонга ичимлик суви қувурлари тортилди. Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши депутати Абдуғани Набиев ўз ҳудудидаги ноқулайликни бартараф этишга бел боғлади. “Ўзбектелеком” АК Фарғона филиали, Олтиариқ тумани телекоммуникациялар боғламаси бошлиғи Б.Розиқовга мазкур муаммо юзасидан депутатлик сўрови юборган эди. Мурожаати ижобий ечим топиб, Азимободга “Uzmobile” компанияси томонидан сифатли интернет тармоғи учун 3,5 км. масофага оптик шиша толали кабел тортилди ва аҳвол яхшиланди.
Шу билан бирга, деупатлик сўровига ўз вақтида жавоб бермаган ва берпарволик қилган мутасаддиларга нисбатан ҳам депутатлари томонидан ҳақли эътирозлар билдилмоқда. Олтиариқ туман Кенгаши депутати Ўткирбек Отабоев "Обод қишлоқ" давлат дастурининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан 2020 йилнинг 27 апрель куни туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Камолиддин Қобиловга депутатлик сўрови юборган. Қобилов эса сўровни жавобсиз қолдирган. Депутат мансабдорни маъмурий судга берган. Июль ойининг ўрталарида суд ҳам бўлган. Суд қарорига кўра, Қобилов маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 193-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни (депутатлик фаолиятининг кафолатларини бузиш) содир этган деб топилиб, 446 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Партиянинг “Яхши касб – етук мутахассис – муносиб иш ҳақи” лойиҳаси доирасида туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, тумандаги касб-ҳунар коллежларида педагог-ходимлар, битирувчилар, таълим муассасаларининг моддий техник базаси ва ётоқхоналарнинг ҳолати, маънавий-маърифий ишлар юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар юзасидан тегишли ташкилотлар билан муаммоларни ҳал этиш масалалари кўрилди.
Партиянинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида 6-8 декабрь кунлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Олтиариқ тумани Кенгаши томонидан “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция – менинг тақдиримда”, “Конституция – ўқувчилар нигоҳида” ва “Конституция – бахтимиз қомуси” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди.
Жорий йил давомида Аёллар қаноти томонидан партиянинг ижтимоий лойиҳалари доирасида ва “Йилнинг энг фаол адолатли аёли”, “Жамиятда ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий фаоллигини ошириш муҳим вазифамиздир!”, “Таълимга маънавий-маърифий озуқа билан”, “Ёшларда етакчилик кўникмаларини шакллантириш”, “Аҳолининг кенг қатлами, хусусан аёллар ва ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини йўлга қўйиш”, “Адолат билимдони”, “Конституция – адолат мезони”, “Депутат ёшлар даврасида”, “Депутат ва ёшлар” каби кўплаб мавзуларда семинарлар ташкил этилиб келинмоқда. Ёшлар ва аёллар ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Олтиариқ тумани Кенгаши депутатлик гуруҳи ҳам ҳомий ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда оилаларни, фуқароларни моддий аҳволини ўрганиб хафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бердилар. Фуқаролар эҳтиёжларига қараб, хайрли ишлар давом эттирилмоқда ҳамда депутатлар томонидан узвийлиги таъминланган.
Камола ПОЛВОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг