Янгиликлар 1593
Депутатлар Фуқаро муҳофазаси институтида бўлди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ташаббуси билан депутатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтига ташриф буюрдилар.
Депутатлар “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифатли янгича тизимини татбиқ этиш тўғрисида”ги ПФ-5707-сон Фармони, “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий тадбирлар туғрисида”ги ПҚ-4276-сон Қарори ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасига тегишли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси сифатида амалга оширган ишлар билан танишдилар.
Танишув жараёни Фуқаро муҳофазаси институтитининг таркибида фаолият олиб бораётган “Сафарбарлик тайёргарлиги”, "ФВДТни бошқариш ва режалаштириш”, “Радиацион кимёвий ва тиббий-биологик муҳофаза”, “Ҳудудларни муҳандислик муҳофазаси ва объектларни хавфсизлигини таъминлаш”, “Қутқарув ишларини ташкил этиш” кафедрлари фаолияти, шунингдек, фавқулодда вазиятлар симуляция марказида фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғин хавфсизлигини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича яратилган шарт-шароитлар билан бошланди.
Вазирлик раҳбариятининг маълумотларига кўра, бугунги кунгача
38500 нафар раҳбарлар ва мутахассислар, 20450 нафар ўқувчи ва талабалар,
985 нафар хорижий элчихона вакиллари фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида назарий ва амалий тайёргарликдан ўтказилган.
Таълим ва илм-фан соҳасида республикадаги 20 га яқин олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Россия Федерацияси, Беларусь Республикси турдош таълим муассасалари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланиб, тегишли йўл хариталарига мувофиқ илмий-амалий тадбирлар амалга оширилмоқда. Келгусида, яъни 2022-2023 йилларда Жанубий Корея, Франция, шунингдек, қўшни давлатлар, хусусан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларидаги турдош таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйиш режалаштирилган. Фавқулодда вазиятлар симуляция маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда, аҳолининг барча қатламини тайёрлаш қамровини 10 баробар оширилиши кўзда тутилган.
Ташриф давомида Қонунчилик палатаси депутатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги мавжуд ёнғин-қутқарув техникаси ва асбоб-анжомлари, сувда-қутқарув, радиацион, кимёвий ва биологик муҳофаза, тоғ-қутқарув асбоб-анжомлари, шунингдек, зилзилалар тарихи музейи, зилзилани симуляция қилиш, фавқулодда вазиятларда хабар бериш, кўриниш чекланган (тутунли) ҳудудда ҳаракатланишга ўргатиш, лифтда фавқулодда вазият содир бўлганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофаза, экологик ҳусусиятли фавқулодда вазиятлар, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги, релаксация, якуний имтиҳонлар олиш (тест) ўқув хоналари билан танишдилар.
Қонунчилик палатаси депутатларининг Фуқаро муҳофазаси институтига ташриф ва танишув жараёни Фавқулодда вазиятлар вазирининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг соҳасида амалга оширган ишлар ахборотини тинглаш билан якунлади. Савол-жавоб жараёнида депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Таваккал ЧОРИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг