Янгиликлар 1585
Депутатлар учун ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан Фарғона давлат университетида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб сиёсий партиялар ва уларнинг фаолиятини ёритишга ихтисослашган ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари учун ўқув курслари ташкил этилди. Ўқувлар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, фуқаролар билан ишлаш тизимидаги ўзгаришлар, сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, шахсий ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган маълумотлар берилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти”, “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишлари бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар”га бағишланган мавзуларда мамлакатимиз олий ўқув юртларининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан суҳбат ва тренинг шаклида қизиқарли дарс машғулотлари ўтилмоқда. Иш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган турли савол-жавоблар иштирокчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўқув машлғулотлари давомида депутатлик фаолиятига доир ҳамда муаммоларни “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимида ўрганиш, ечимини топишга қаратилган зарурий билимларни олмоқдамиз, – дейди Халқ депутатлари Ёзёвон туман Кенгаши депутати Баҳодир Юсупов. – Мазкур билим ва кўникмалар сайловчилар ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини самарали олиб боришда қўл келади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг