Депутатлар учун ўқув ўтказилди

13.03.2020 12:03:44

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан  Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ишини самарали йўлга қўйиш, янги сайланган депутатлар малакасини ошириш ҳамда уларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусида сиёсий ўқув ташкил этилди.

Унда партиянинг вилоят Кенгаши, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Мазкур сиёсий ўқувда депутатларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатлари ҳамда депутатлар билан партия ташкилотларининг мустаҳкам ҳамкорлик алоқасини янада кучайтириш каби  долзарб вазифалар хақида сўз борди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган устувор вазифаларни партиянинг сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларга ҳамоханг тарзда амалиётга татбиқ этиш борасида фикр-мулоҳаза юритилди. Шунингдек, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва уларнинг ижроси бўйича самарадорликни ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда депутатларнинг фаоллиги, партия лойиҳалари доирасида ўрганилган муаммолар юзасидан доимий комиссия ва сессияга масалалар тайёрлашда уларнинг кўникма ва малакаларини оширишга эътибор қаратилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, унда депутатлар фаолиятига берилган танқидий баҳодан тегишли хулоса чиқарган ҳолда депутатларимизнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини янада ошириш, депутат долзарб ижтимоий масалаларни ўрганиши, доимий комиссияларга таклиф бериши, жойларда аниқланаётган муамоларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш тартиби унинг ижро этилиши устидан самарали депутатлик назоратини тизимли йўлга қўйишнинг зарурати ва аҳамияти  каби муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, депутатлар ижодкорлиги, аҳоли билан мулоқот қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларининг шакллари ва усулларига доир зарур кўрсатма ва маърузалар тингланди.

Сиёсий ўқув сўнгида депутатлар фаолиятини жонлантириш, партия маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор ва тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+