Янгиликлар 613
Депутатлар Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолиятини қандай баҳолашди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Йиғилишда депутатлар таклиф этилаётган қонун лойиҳаси юзасидан партия позициясидан келиб чиқиб, бир қатор таклифлар беришди. Кўплаб саволлар ўртага ташланди ва уларга атрофлича жавоблар олинди. Муҳокамалар давомида фракция аъзолари ушбу ҳужжатнинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратини ҳисобга олиб, уни қўллаб-қувватлади.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шу боис, Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлодда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ҳисобот даврида Комисссия томонидан 19 та қонун лойиҳалари юзасидан 35 та асослантирилган таклифлар тайёрланди. Шу даврда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат-таҳлил тадбирлари амалга оширилди. Ушбу тадбирлар давомида ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар ташкил этилди ва аниқланган масалаларга ечим изланди.
Қизғин кечган бахс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг Комиссиянинг жорий йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маъқулланди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг