Депутатлик институтига ишонч ортмоқда

01.07.2024 14:07:08

Халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП Депутатлик гуруҳининг биринчи ярим йилликдаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Таҳлиллар халқ вакиллари билан сайловчилар ўртасидаги алоқа янада мустаҳкамлангани, жойлардаги муаммоларнинг ечимини топишда биргаликда ишланаётгани, фуқароларда депутатлик институтига бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий омили сайловчиларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаётганида, дея баҳолаш мумкин.

Халқ вакилларига ҳисобот даврида 130 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Улар асосан бандлик, тадбиркорлик, тиббий хизмат ва ҳуқуқий йўналишлар билан боғлиқ. Депутатлик гуруҳи аъзолари Равшанбек Алимов, Тўйдихон Алибоева ва Маликахон Абдуллаева улар билан ишлашда фаол, ҳар бир мурожаат имкон қадар ижобий ҳал қилинади.

Шу ўринда депутат Тўйдихон Алибоева фаолиятига назар ташлайлик. У сайловчилар билан ишлашни сайлов ҳудудидаги «Ғозичек», «Гулистон» ва Навоий МФЙга кўчирган. Ҳафтанинг чоршанба кунида сайловчиларни қабул қилади. МФЙ фаоллари билан хонадонларга кириб бориб, фуқароларнинг ҳаёти, турмуш тарзини ўрганиб боради. Шундан бўлса керак жамоатчилик ҳам ўз вакилига ўрганиб қолган, бирон муаммо туғилса унинг ёнига шошадилар.

«Адолат» СДПнинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан. Депутат бу борада ташаббус билан чиқиб, вақтинча ишсизлар мурожаатига алоҳида эътибор билан қарайди. Шу йилнинг 6 ойида унинг аралашуви билан 22 нафар фуқаронинг бандлиги таъминлангани бунинг ифодаси. Жумладан, Қиличмозор МФЙда яшовчи Севара Жиянова оиласи ижтимоий кўмакка муҳтожлиги ва ўзининг ишсизлигини билдирди. Ўрганиш асосида у 18-мактабга ҳамшира вазифасига ишга жойлаштирилди. Натижада бир оиланинг иқтисоди яхшиланди

Фуқаро Моҳира Мўйдинова ҳам бир неча йилдан буён ишсизликдан қийналаётганди. Халқ вакилига қилган мурожаати ижобий самара берди. У Ибн Сино ҚВПга ишга жойлаштирилди.

Фуқаролар бандлигини таъминлашнинг самарали йўлларидан бири молиявий кўмак. Бу борада ҳам Т.Алибоева ташаббускор. Жамоатчилик орасида банк муассасалари томонидан бериладиган кредитлар ва тадбиркорлик хусусида тушунча бериб боради.

Фуқаро Бахтиёр Эргашев чорвачиликка қизиқади, бироқ маблағи йўқ. Уни тинглаган депутат кредит олишни маслаҳат берди. Қисқа вақт ичида унга 33 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Энди Б.Эргашев севган иши билан банд.

-Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш баробарида қонунлар ижросини таъминлаш фаолиятимизда кенг ўрин эгаллайди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ҳамма вақт долзарб масала,-дейди Т.Алибоева,-Шу сабаб бу масала доим эътиборимизда. Жойларда фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ўрганиш баробарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 октябрдаги «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»!ги қарори ижросини таъминлашни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб боряпмиз. Натижада туманимиздаги аксарият дорихоналарда сифатли дори воситалари савдосига эришилмоқда. Бундан фуқаролар хурсанд.

18-Дўстлик округидан сайланган депутат Малика Абдуллаева фаолиятида ҳам ўрганишга арзирли ишларни кўриш мумкин. У касби ҳамшира бўлгани сабаб доим аҳоли орасида. Фуқаролар саломатлигини яхшилаш баробарида муаммоларни ечишга ҳаракат қилади. Сайловчиларнинг мурожаатларини ўзи учун масъулият деб билади. Ҳал қилмагунча сира тинчимайди.

Дўстлик МФЙда яшовчи фуқаро Хайрулла Мўминов хонадонида иссиқхона ташкил этишни режалаштирганди. Бироқ маблағ масаласи уни қийнаётганди. М.Абдуллаева у билан суҳбатлашиб, молиявий кўмак олиш юзасидан тушунча берди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, фуқаро субсидия асосида иссиқхона қуришга эришди. Яқин кунларда дастлабки ҳосил унинг оиласига барака келтиради.

Давлатимиз томонидан хотин-қизларга бўлган эътибор депутатни ҳам улар билан ишлашга бошлайди. «Аёлнинг муаммоси бўлмаслиги керак», дея ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ана шу мақсад билан 16 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади, 4 нафари соғломлаштиришга йўналтирилди. Умида Ўсарова, Назира Исаева, Маъмура Раимжонова каби 9 нафар аёлга 5 миллион сўмдан кредит олишида амалий ёрдам берди.

-Аҳоли учун энг зарури сифатли тиббий хизмат,-дейди М.Абдуллаева.-Тўғри, бугун энг чекка ҳудудларда ҳам бу борада муаммога ўрин йўқ. Шундай бўлсада жамоатчиликнинг тиббий маданиятини ошириш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш лозим. Шу мақсадда «Дўстлик»,» Осуда ҳаёт» ва «Кўтарма» МФЙда бепул тиббий кўрик ташкил қилдик. Касаллик аниқланган 24 нафар бемор соғломлаштирилди. Туғиш ёшидаги аёллар алоҳида назоратга олинди.

М.Абдуллаева сайловчиларнинг мурожаатлари асосида коммунал хизмат ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳам ечимини топмоқда. Унинг аралашуви билан «Осуда ҳаёт» МФЙ кўчаларига 2 км. масофада оқова сув олиб келинди, янги ташкил этилган кўчаларга 4 дона бетон устун ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, жалақудуқлик «адолатчи» депутатлар сайловчиларнинг нафаси билан яшамоқда. Уларни қийнаётган муаммоларни ўз муаммоси деб биладилар. Шундан бўлса керак халқ вакилларига бўлган ишонч ортиб боряпти.

Акбаржон Назаров,
«Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+