Депутатлик мансаб ёки мартаба эмас

14.10.2020 19:10:12

Бу йил бутун дунёда, қолаверса, мамлакатимизда ҳам таҳликали ҳолатни юзага келтирган коронавирус касаллигига қарши курашилмоқда. Юртимизда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси даврида барчани карантин талабларига қатъий риоя этишга даъват қилиш орқали тиббиёт фидойиларига елкадош бўлишда депутатлар ҳам ўрнак бўлмоқдалар. Шу мақсадда 2020 йил 23 мартдан бошлаб маҳалладаги савдо дўконларида нарх-наво бўйича мониторинг ўтказиб келмоқдамиз. Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари борасида маҳалла фаоллари иштирокида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз. 

Пандемия даврида вақтинча ишсиз қолган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, кўп фарзандли ва эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз яшайдиган фуқароларнинг турмуш тарзи ўрганилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тизимли-марказлашган ишлар ташкилланиб, эҳтиёжманд оилалар маҳалланинг “Темир дафтар”ига киритилди. Бугунги кунда бундай оилалар юртимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан, саховат ва кўмакдан четда қолмасдан назоратга олинган.

“Қамиштепа” маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалардан Ш.Суярова, Ў.Мирбобоева, А.Қодирова, “Қизил ариқ” маҳалласидан Р.Мадаминов, Х.Худойбергановалар хонадонига бепул иссиқхоналар қурилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлаб қўйилди.

“Қизил ариқ” маҳалласида “Темир дафтар”га киритилган фуқаролардан Ё.Тошбоева, С.Мамажонова, Х.Худоберганова каби 8 нафар фуқароларга 2-3 бошдан қўй берилди. Худди шунингдек, бошқа эҳтиёжманд оилаларга ҳам қора мол, парранда ва пул кўринишидаги моддий ёрдам кўрсатилди.

Тиббиёт ходимлари билан бирга якка ёлғиз бўлган фуқароларга Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан юборилган дори-дармонлар қутиси ўз вақтида топширилди.

Пандемия даврида ёш авлодга онлайн сабоқ беришда қийинчиликларга дуч келдик ва интернет тармоғининг ишлаш тезлиги жуда паст эканлигига гувоҳ бўлдик. Шунга қарамасдан тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиларидан Г.Абдусатторова, С.Бакиржонова, 6-синф ўқувчиси Ш.Юнусалиевлар вилоят миқёсида ўтказилган тезкор онлайн немис тили мусобақасида қатнашиб, 55 номдаги бадиий китоблар, Алишер Навоий асарлари, инглиз, немис, рус тилларидан грамматик қўлланмалар, луғатлар каби қимматбаҳо китоблар мажмуасига эга бўлдилар. Ушбу совғалар ғолибларнинг хонадонларига етказиб берилди.

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу йилдан бошлаб, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилиниши таъкидланган эди. Бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади. Ушбу муассасаларда овқатланиш тизимини янги инновациялар асосида янгитдан ташкил этиш, калорияли овқатлар ҳамда мия фаолиятини яхши ишлашида керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олишига эътибор бериш каби масалаларни сайловолди дастуримга киритган эдим. Бундан ташқари, Тошкентдаги Гёте институти билан “Келажакнинг ҳамкор мактаблари” қаторига маҳаллада жойлашган 1-умумий ўрта таълим мактабини киритиш учун амалий чора-тадбирларни олиб бормоқдаман.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган барча эзгу ва хайрли ишлар халқимиз манфаатига хизмат қилар экан, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, деган ибора барча-барчамизни эртанги ёруғ кунлар саодати сари етаклаши шубҳасиздир.

 

 Ҳабибахон ПАРПИЕВА,

 Фарғона вилоятининг Халқ депутатлари

Қўштепа туман Кенгаши депутати,

туманнинг 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+