Янгиликлар 2176
Депутатлик сўровидан сўнг кўчалар чиқиндидан тозаланди
Ўзбекистон “Адолат” СДП халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, ечимини топаётгани фуқароларнинг ўз вакилларига бўлган ишончини оширмоқда.
Депутат сайловчи ишончини оқлаш, унга муносиб бўлиш учун аввало, улар билан ҳамнафас яшаши, елкама-елка туриши керак. Шундан келиб чиқиб, партия фаоллари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фуқаролар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этишга бош-қош бўлишмоқда.
Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Равшан Дастиров ўзи сайланган округдаги фуқаролар мурожаатларини ўрганди.
Маълум бўлишича, “Вохид Хайдаров” МФЙнинг “Шарқ”, “Ал-Фарғоний” кўчаларида саноат ва маиший чиқиндилар уйими йиғилиб қолган ва бу экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу юзасидан депутат Р.Дастиров томонидан “Тоза ҳудуд” ДУК Чирчиқ шаҳар филиалига депутатлик сўрови юборилди.
Энг муҳими, бу сўров жавобсиз қолмади. “Тоза ҳудуд” ДУК Чирчиқ шаҳар филиали томонидан “Вохид Хайдаров” маҳалласи кўчалари саноат ва маиший чиқиндилардан тозаланиб, махсус машиналарда олиб чиқилиб, утилизация полигонига жойлаштирилди. Натижада ҳудуд атроф-муҳити тозаланиб, санитария ва экологик вазияти яхшиланди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг