Депутатлик сўровлари натижа беряптими?

28.10.2021 10:10:21

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлари – Нодиржон Жумабоев, Баҳодир Раҳмонов,  Иқболжон Сотволдиевлар Бувайда туманидан сайланган. Уларнинг ҳар бири ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш,  аҳолининг, айниқса  ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш  масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар.

Бугунги кунга қадар депутатлар томонидан мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга узлуксиз депутатлик сўровлари юборилиб, мавжуд муаммоларга мутасаддилар эътибори қаратиб келинмоқда. Жумладан,  туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Н.Турсуновга  “Озод” МФЙдаги “Обод хаёт” ва “Азизлар” кўчаларини асфальтлаштириш, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари С.Хизировга тумандаги 2-сонли касб-ҳунар  мактабига автобус йўналишини йўлга қўйиш ва бекат қуриш, “Улуғ неъмат” кўчасини асфальтлаштириш учун давлат дастурига киритиш, халқ таълими бўлими в.б. мудири А.Абдулфаттоховга  тумандаги 17-18-19-47 мактабларни умумий таъмирдан чиқариш, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Б.Мамажоновга Оққўрғон ҚОП биносини капитал таъмирлаш сингари  масалаларда 50 дан зиёд депутатлик  сўровлари юборилган  бўлиб, шу кунга қадар  уларнинг 40 таси ижобий ечим топган.

Тумандаги "Қора қум" МФЙ Ойдинкўл қишлоғида яшовчи Бибизуҳра Ҳайдарова ногиронлик аравачасига муҳтож эди.  У  Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Иқболжон Сотволдиевга  мазкур масалада мурожаат қилиб, кўмак сўради.

Депутат онахоннинг мушкулини осон қилиш мақсадида ўз ҳисобидан ногиронлик аравачаси  олиб, хонадонига етказиб берди.

-Саховатпеша, қалби меҳрга тўла депутатларимиз борлигидан жуда хурсандман, – дейди онахон.  – Энди мен ҳам кўчаларда бемалол ҳаракат қила оламан. Иқболжон каби биз кексаларга мададкор бўладиган инсонлар кўпаяверсин.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Нодиржон Жумабоев энг фаол депутат. Депутатлик сўровларини назорат қилиб, ижобий ечимга эришмагунча тинчимайди. Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш,  ташаббускор, интилувчан ёшларни  рағбатлантиришни ўзининг устувор вазифасига айлантирган. Унинг  ташаббуси билан Бувайда тиббиёт коллежида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ташкил этилиб, “Деҳқонобод” МФЙ ёшлари туман прокурори  Ш.Миржавҳаров билан суҳбатлашди. Прокурор ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда, жумладан, туманда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди. Ёшлардаги мавжуд муаммолар ҳамда таклифларини тинглади. Зарурларига ҳуқуқий тушунча берилди. Аксарияти тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиладиган бўлди.

Учрашувда ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар раҳбар ва ходимлари  иштирок этиб, ёшлар қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Туман тиббиёт коллежида депутат саъй-ҳаракатлари билан  “Қувноқлар ва зукколар” танлови ташкил этилди. Ёш авлодни она ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, глобаллашув жараёнида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган  мазкур танлов  йигит-қизларнинг ўз истеъдодларини юзага чиқаришлари учун катта амалий кўмак бўлди.

Шунингдек, депутатлар  МФЙ фаоллари билан  биргаликда  нуронийлар,  эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар олиб, уларга моддий кўмак бериб келмоқдалар.

 

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+