Депутатнинг саъй-ҳаракатлари инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда

07.01.2023 21:01:57

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг хонқалик сайловчилари билан учрашувлари ташкил этилмоқда.

Депутат сайловчилари билан яккама-якка мулоқотлар қилиб, фуқароларимизнинг яшаш шароитлари ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқмоқда.

Депутат даставвал, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб- қувватлаш Хонқа туман бўлимида бўлиб, туманда фаолият олиб бораётган қирқ нафар маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда янги йилда аҳолининг газ, сув, электр борасидаги мурожаатлари ва уларни бартараф этилганлик ҳолати бўйича ҳисоботини тинглади. Шунингдек, маҳалла раислари билан Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, белгилаб олинган устувор вазифалар тўғрисида суҳбатлашилди.

Шундан сўнг депутат етакчилигидаги фаоллар томонидан тумандаги «Нурафшон» маҳалласи ҳудудида жойлашган 29 – сонли мактабгача таълим ташкилотида ўрганиш ишлари олиб борилди. Муассасада ҳозирги кунда 56 нафар ишчи ходим иш фаолиятини олиб бораётган бўлса, шулардан 16 нафари тарбиячи бўлиб ишлаб келмоқда. Муассаса тарбияланувчилар учун 90 ўринга мўлжалланган, лекин ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотида 300 нафар бола тарбияланмоқда. Депутат ҳар бир гуруҳга кириб ётоқхоналар билан танишиб, хоналарни иситиш тизимини қай аҳволдалиги, овқатланиш маҳсулотларини сифат даражасини ўрганди. Муассаса раҳбари Муборак Қаландарова боғча биносининг ички ва ташқи қисмларининг носозлиги учун 2023 йилда 180 ўринга мўлжалланган қўшимча боғча қуриш Давлат дастурига киритилганлиги, белгиланган ўрин тарбияланаётган болалар сонига камлик қилиши, айниқса, навбатда турган яна 350 нафар болани боғчага қамраб олиш учун етарли эмаслиги тўғрисида гапириб, боғчани яна 300 ўринга ошириш мақсадга мувофиқлигини билдирди ва давлат дастурига киритишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этди.

Шунингдек, депутат ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан тумандаги «Гулистон» маҳалласи, Ёшлар кўчаси 9 уйда яшовчи Холжон Султонова ва турмуш ўртоғи Сапарбай Юсуповлар хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароити билан танишди. Ўрганиш жараёнида оиладаги носоғлом муҳит туфайли муаммолар чигаллашиб кетганлиги учун депутатнинг мурожаатига асосан, туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлардан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур оилада содир бўлган муаммолар ўрганиладиган ва муаммолар бартараф этиладиган бўлди.

Шунингдек, фаоллар «Ойдин ҳаёт» маҳалласига ташриф буюриб, хонадонларни газ, сув, электр билан таъминланиши бўйича маҳалла раиси Давлатназар Назаров ва ҳоким ёрдамчиси Ҳикмат Қурбанбаев билан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Тумандаги «Ойдин ҳаёт» МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари ҳудудни кесиб ўтувчи Урганч-Ҳазорасп йўлининг Буюк ипак йўли кўчаси ва «Ширин» маҳалласига олиб борувчи чорраҳасига йўл ҳаракати қатнашчиларини тартибга солувчи светофор ўрнатиш зарурияти ҳамда ушбу Урганч-Ҳазорасп йўлининг маҳалла ҳудуди бўйлаб аҳоли зич жойлашгани, ачинарлиси, яқин вақтларда кетма-кет йўл транспорт ҳодисаси рўй бериб, натижада ҳодиса 3 нафар кишининг ўлими билан якунланганлиги сабабли, транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигини 50 км/соатгача чеклаш чорасини кўриш муҳимлигини баён этишди.

Шундан сўнг, маҳалла ҳудудида жойлашган 37–сонли мактабгача таълим ташкилотида ўрганиш ишлари олиб борилди. Муассаса мудираси Саломат Ибодуллаева кўп йиллик иш тажрибасидан келиб чиқиб, ўз фикрини баён этди. Унда, боғча 100 нафар ўринга мослашган бўлиб, ҳозирги кунда 120 бола тарбияланаётгани ҳамда навбатга яна 300 нафар бола рўйхатга олинганлигини эътиборга олиб, мазкур маҳалла ҳудудида фойдаланмай турган «Баркамол авлод» филиали биносига боғчани кўчириш таклифини бериб, амалий ёрдам сўраб мурожаат этди.

Депутатнинг навбатдаги хизмат ташрифи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 48-сонли оилавий поликлиника филиалида давом этди. Унда кундузги даволаш муолажа хонасини ўта даражада совуқлиги аниқланди. Жараёнда муассаса иситиш тизимидаги бир қатор муаммолар, жумладан, электр токида тез-тез узилишлар бўлаётгани учун движок зарурлигини баён этишди.

Шунингдек, муассаса бош шифокори Сардор Ибрагимовнинг таъкидлашича, муассасада УЗИ, ЭКГ ҳамда лаборатория хонасининг тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланмаганлиги сабаб, беморларни узоқ масофага текширувдан ўтиши учун юборишга зарурият туғилмоқда.

Депутат аниқланган ҳар бир муаммо ва камчиликларни тегишли ташкилотлар вакиллари билан фикрлашиб, бартараф этиш чораларини бошлаб юборди.

Бир сўз билан айтганда, депутатнинг бу каби саъй ҳаракатлари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.

Депутатнинг сайловчилари билан учрашувлари давом этмоқда.

 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+